Жаҳон Конституцияларида бола ҳуқуқларига оид қоидалар қандай акс этган?

Жорий йил 21 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Кенг қамровли конституциявий ислоҳотлар муҳокамаси доирасида офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбир ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, мавзунинг долзарб ва ўта муҳим жиҳатларига тўхталди.

Тадбир иштрокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Асосий қонунда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашга қаратилган таклифини юқори баҳоладилар. Бу таклиф давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан жорий йил 20 июнда бўлиб ўтган учрашувда билдирилганди.

 Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти томонидан давлатнинг фуқароларни яшаш учун зарур уй-жой билан таъминлаш, оиланинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, боланинг манфаатлари, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, инсон соғлиги ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга тааллуқли нормалар Конституцияда ўз аксини топиши таклиф этилгани жуда муҳим.

Давлатимиз раҳбарининг Конституциямизда давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлашини мустақил қоида сифатида белгилаб қўйиш зарурлиги ҳақидаги таклифлари ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Бу ташаббуслар оила, болалар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, мамлакат ичкариси ёки ташқарисида яшаётган барча фуқароларимиз ҳуқуқлари ва манфаатларини конституциявий кафолатлашга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Давра иштирокчиларининг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев Асосий қонунимизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоида киритишни таклиф этгани ҳам улкан аҳамиятга эга. Бу ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.

А. Саидов қайд этганидек, аҳолининг 40 фоизи болалардан иборат бўлган Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш ва ҳимоя қилиш масаласи ўта долзарбдир. Мамлакатда айни соҳада болаларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган қирқдан зиёд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани ҳам буни тасдиқлайди.

 М. Мамедзаде ўз чиқишида: “Конституциявий ислоҳотлар жараёнида бола ҳуқуқлари тўғрисидаги нормаларни кучайтириш, хусусан, боланинг энг мақбул манфаатларини ҳисобга олиш, камситмаслик, зўравонлик ва шафқатсиз муомалани тақиқлаш, болаларни эксплуатация қилишга йўл қўймаслик принциплари, кафолатланган хизмат кўрсатиш ва одил судлов имкониятларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш масалалари ҳар доим ва ҳамма жойда, айниқса, аҳолисининг учдан бир қисмини болалар ташкил этувчи Ўзбекистонда ниҳоятда аҳамиятлидир”, деб таъкидлади.

Мулоқот доирасида бола ҳуқуқларига оид қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган 47 та давлат Конституциялари қиёсий таҳлил этилди. Бу борадаги тақдимот билан Ирландия ҳукуматининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Конор О’Маҳони чиқиш қилди. Хорижий экспертнинг сўзларига қараганда, конституциявий ўзгаришлар жараёнида таклифларнинг ёшлар ташкилотлари ва бевосита навқирон авлод вакиллари иштирокида муҳокама қилиниши  жуда зарур.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар Омбудсмани) Алия Юнусова Ўзбекистон Республикаси Конституциясига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидалар киритиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Бош прокуратура, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор тараққиёт маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар томонидан Конституцияга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларни киритиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 ЎзА

UZDAILY

darakchi.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech