Қардош халқларнинг бирдамлиги ва ҳамкорлиги

Шу йил 11 ноябрда Самарқанда  Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг биринчи  саммити ўтказилиши режалаштирилган. 

Маълумки, 1992 йилда Анқарада Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлатлари президентларининг олий даражадаги учрашуви бўлиб ўтганди. 1993 йилда эса Туркий тилли халқлар маданияти ташкилоти - Турксой таъсис этилган. Бу туркий давлатлар қалин ҳамкорлигининг биринчи босқичи бўлди.

 Иккинчи босқичда -  2009 йилда Нахичеванда Туркий давлатлар ҳамкорлик ташкилоти тузилди. Ташкилотнинг мақсад ва вазифалари  сифатида  туркий тилли мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш, минтақада, умуман дунёда тинчликни қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсизликни таъминлашга кўзда тутилган.

2021 йилда Истанбулда туркий давлатлар раҳбарларининг тарихий саммити ўтказилиши Ташкилот шаклланинишининг учинчи босқични бошлаб берди. Бу тузилма Туркий давлатлар кенгаши ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳар тарафлама ҳамкорликни юксак даражага олиб чиқди. Ҳозирги пайтда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзолари ҳисобланади. Туркманистон ва Венгрия эса ташкилотнинг кузатувчиси мақомини олган. Яна ўн беш мамлакат Туркий давлатлар ташкилоти  билан турли соҳаларада ҳамкорлик қилиш ниятини билдирган.

Умуман, туркий тилли халқларнинг тарихи милоддан аввалги минг йилликларни  қамраб олади. Турк ҳоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар каби қадимги туркий давлатлар ўз даврининг энг қудратли салтанатлари ҳисобланган. Ушбу минтақанинг буюк вакиллари умумбашарий маданият ва цивилизация тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломалар умумий тарихимизга шонли саҳифалар битишган. Аллома Алишер Навоий Фарҳод ва Ширин» достонида  барча туркий халқларни ўзиники деб билишини айтганди:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,

Муайян турк улуси худ менингдур.

Туркий тилли халқлар қадимдан савдо алоқаларини йўлга қўйиб, ўзаро ҳамкорлик қилиб келишган. Улар яшаб келган минтақалар минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт ва савдо кўприги вазифасини бажарган. XXI аср арафасида эса тарихий анъаналарга амал қилинган ҳолда минтақавий ташкилотни шакллантириш ғояси туғилди. 

Ушбу минтақавий ташкилотнинг тузилиши  унга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини оширди. Туркий тилли давлатларда яшаётган халқларнинг умумий сони ҳозирги пайтда 160 миллиондан ошади. Ушбу кенгашга аъзо давлатлар ҳудуди эса  қарийб 4 миллион квадрат километрни ташкил этади.

Туркий давлатлар кенгаши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Вишеград гуруҳи сингари минтақавий тузилмалар билан билан муносабатларни мустаҳкамламоқда.

Ташкилотнинг Туркий тилли давлатлар раҳбарлари кенгаши, Туркий кенгаш котибияти,  Туркий давлатлар парламент ассамблеяси, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Катта мансабдор шахслари қўмитаси, Оқсоқоллар кенгаши каби тузилмалари мавжуд. Шунингдек, туркий тилли халқларнинг турли фестивалларини, анъанавий ҳунармадчилиги, ҳудудлардаги амалий санъатни қўллаб-қувватлашни молиялаштирадиган, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Турк маданияти ва мероси жамғармаси,  тарих ва этнология, тил, адабиёт ва атамашунослик, санъат ва маданият маркази, ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар, халқаро тадқиқотлар марказларини бирлаштирган Туркий академия,   Туркий университетлар иттифоқи  каби қатор тузилмалар ўз фаолиятларини бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан турк дунёси бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номли ҳалқаро мукофоти ҳам таъсис этилган.

Туркий давлатларнинг умумий тил ва муштарак қадриятлар бирлиги асосида шаклланган ушбу  ташкилот доирасида бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Айниқса, инвестиция, электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро савдони осонлаштириш, транспорт ва транзит тартиб-қоидаларини такомиллаштириш бўйича муҳим келишувлар мавжуд. 

Ушбу ташкилот “Турк дунёси – 2040” режасини ҳам қабул қилган. Унда аъзо давлатлар ўртасида товарлар, капитал, хизматлар, технологияларнинг эркин ҳаракат қилишига эришиш, инвестиция муҳитини тизимли такомиллаштириш, божхона тартиб-тамойилини стандартлаштириш, тариф ва нотариф тўсиқларни камайтириш, ягона электрон савдо майдони яратиш, ахборот технологиялари ва технопарклар ҳамкорлиги дастурларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ташкилот аъзо давлатлар фуқаролари учун ҳам тегишли имтиёзлар яратмоқда. Масалан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари Туркияда 90 кунгача визасиз бўлиш ҳуқуқига эга. Шунингдек Туркия фуқаролари Озарбайжон ва Қирғизистонда 90 кун, Қозоғистон ва Ўзбекистонда 30 кун визасиз бўлиш  ҳуқуқига эга.

Бу тарзда бирлашиш Кавказ ва Марказий Осиёда транспорт  ва энергетика йўлаклари тармоғи орқали  савдо алоқаларини янада кенгайтириш имкониятини яратади. Шу билан бирга йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш, Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Умуман,  Туркий давлатлар ташкилотига аъзо  мамлакатларининг жами ялпи миллий маҳсулоти 1,5 триллион долларни ташкил этади,  уларнинг жами импорти 420 миллиард доллардан ортади,  ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса эса 21 миллиард долларни ташкил этади.

БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини ташкил этиш, “ақлли” шаҳарлар яратиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияни трансфер қилиш ҳамда аъзо давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини очиш режалари мавжуд.

Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотининг аъзоси сифатида  иштирок этиши ушбу тузилмада алоҳида аҳамият  этмоқда. Қисқа давр ичида мамлакатимиз ташкилотнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида жуда муҳим ташаббусларни илгари сурган. Хусусан:

- биринчидан, Ташкилот доирасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, учинчи давлатлардан кириб келаётган маҳсулотларни аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш;

- иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун “Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури”ни ишлаб чиқиш;

- учинчидан, саноат кооперациясини кучайтириш  мақсадида инжиниринг ва технологиялар марказлари ташкил этиш;

- тўртинчидан, “ақлли” шаҳарларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT мутахассислар учун доимий платформа яратиш;

- бешнчидан, иқлим ўзгариши ва экология муаммоларини ечиш ҳамда углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш;

- олтинчидан,  “Туркий дунё туризми” ва “Табаррук зиёрат” сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш;

- еттинчидан, “Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази”ни ташкил этиш.

Мамлакатимизда Туркий давлатлар ташкилотининг муҳим тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Жумладан,  Тошкентда Ўзбекистон билан бирга  Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Венгриядан 500 дан зиёд тадбиркор қатнашган  Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши бизнес-анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг қардош мамлакатлар билан умумий савдо кўрсаткичи икки баробарга ошди.

 Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши қардош мамлакатлар билан сайёҳликни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқди. Туркий давлатлар билан туризм соҳасида “Замонавий буюк ипак йўли” сайёҳлик дастури ишлаб чиқилган ва изчил амална оширилмоқда. Ҳозирги пайтда диёримизга келаётган сайёҳларнинг 60 фоизга яқини  уч туркий мамлакат - Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия улушига тўғри келмоқда.

Шунингдек, “Туркий халқлар ҳунармандлиги” форуми, “Самарқанд қоғозининг жаҳон илм-фани ва халқаро иқтисодиётда тутган ўрни”, “Марғилон ипак матоларининг ўрта асрлар халқаро бозоридаги аҳамияти” мавзуларида кўргазма ва илмий конференция, “Дўмбира ва қўбиз”, “Чанқовуз ва сибизға”, “Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали” каби тадбирлларни ўтказиш режалаштирилган. Бу ташкилотга аъзо давлатлардан мамлакатимизга 5 миллиондан зиёд сайёҳ кириб келиши, уларга 1,3 миллиард долларга яқин туризм хизмати кўрсатиш имконини бериши кутилмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти Қўқонни “Турк дунёсининг туризм пойтахти”,  Хивани “Турк дунёсининг маданий пойтахти”деб эълон қилган. Шу  муносабатлар билан Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизацияси”, Қўқон шаҳрида “Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги шаклланиши ва маданий меросида тутган ўрни” мавзуларидаги халқаро илмий  анжуманлари ўтказилди. Шунингдек, мамлакатимизда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирлари доимий кенгашининг 38-мажлиси бўлиб ўтди.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан турк дунёси бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номли ҳалқаро мукофот ҳам  таъсис этилган.

Ташкилот инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга ҳам катта эътибор бермоқда. Туркиянинг Бурса шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар уюшмаси ва туркий давлатлар омбудсманлари ташкил этилди. Бу уюшма туркий давлатлар омбудсманлари ва миллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг фаолияти билан таништириб боради. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасида билимлар ва тажрибалар билан алмашинилади, биргаликда семинарлар ташкил этилади, шунингдек тайёрланган лойиҳалар бажарилади. Жумладан, Бокуда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентларнинг роли” ҳамда “Омбудсман институтлари самарали фаолиятини таъминлаш учун қонунчиликни такомиллаштиришнинг аҳамияти” мавзуларида ҳалқаро анжуманлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида илм-фан ва маданият соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, маданий ва илмий ахборотларни тарқатиш, Ўзбекистоннинг Жаҳон ҳамжамияти билан маънавий алоқаларини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё тадқиқотлари Халқаро институти ҳам  ташкил этилди.

Самарқанда  ушбу мантиқавий анжуманнинг ўтказилиши  қардош халқларимизнинг янги ном олган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи  саммити сифатида тарихда муҳрланиб қолиши шубҳасиздир.

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech