ТАЪЛИМГА САРМОЯ КИРИТИШ МАМЛАКАТ КЕЛАЖАГИ УЧУН ҚЎЙИЛГАН МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР ҲИСОБЛАНАДИ
15 ноябрь куни Тошкентда ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масалалари бўйича бутунжаҳон конференцияси (Глобал форум) ўз ишини бошлади. Анжуман 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасида сиёсатни белгилашда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Унинг ишида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин давлат вазирлари, халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашди ва иштирокчиларни қутлади.
— Биз юртимизда Учинчи Ренессансни барпо этиш масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз. Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз, — деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Президенти бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, мактабгача ёшдаги болаларни сифатли таълим билан таъминлаш муаммоларини жаҳон миқёсида самарали ҳал этиш, ҳамкорликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам равишда халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.
БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ, таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатларни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотларни олиб бориш, тарбиянинг янгича услубларини қўллаш ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастурни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бу йўналишда жаҳонда тўпланган илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмаларни ўзаро алмашиш мақсадида Тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
БМТнинг 2024 йилда бўлиб ўтадиган Келажак саммити умумий кун тартибининг асосий мавзуларидан бирига ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш масаласини киритиш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқи хорижлик форум иштирокчилари ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.
Лариса ШЕВЧЕНКО,
ЮНЕСКО шафелигидаги Бутунжаҳон мактабгача таълим ташкилоти ОМЕП Россия қўмитаси президенти, Москвадаги “Болалик олами” хусусий болалар боғчалари тармоғи директори:
— Ташкилотимиз мактабгача таълим соҳасидаги лойиҳаларни илгари суриш ва ривожлантиришга ихтисослашган. Инновацион ривожланиш соҳасида биз сифат менежменти тизими бўлган ISО 2001-2015 апробация усулини қўллаймиз. Бу бизга ҳар қандай лойиҳани амалда бажаришга ёрдам беради, яъни замонавий таълим усулларини тушунарли тилда синаб кўрамиз ва мактабгача таълимда ушбу усулдан фойдаланамиз.
Мазкур форум доирасида ташкил этилаётган кўргазмадаги иштирокимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишни истар эдик. Ўзбекистонда ҳамкасбларимиз иш амалиётимизга катта қизиқиш билдираётгани, стендимиз билан астойдил танишаётгани, биз билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдираётгани бизни беҳад қувонтирмоқда. Ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда лойиҳалардан бирини, албатта, амалга оширамиз, деб ўйлайман.
Эмин АМРУЛЛАЕВ,
Озарбайжон фан ва таълим вазири:
— Бугун Тошкентда бўлиб ўтаётган анжуман жаҳон миқёсида аҳамиятга эга бўлиб, барча давлатлар учун соҳанинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай майдондир. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу форумни юқори савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдираман. Бундай тадбирлар жуда фойдали ва зарурдир.
Мактабгача таълим умумтаълимнинг асосидир. Таълимга сармоя киритиш мамлакат келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Шу муносабат билан биз бу ерда бўлганимиздан жуда мамнунмиз ва конференция жуда кўп фойдали маълумотларни беришига умид қиламан.
Ўзбекистон билан икки томонлама алоқаларимиз барча соҳаларда, жумладан, таълим соҳасида ҳам муваффақиятли ривожланиб, кўлами кенгайиб бормоқда. Шу ўринда Қорабоғнинг Фузули вилоятида ўрта мактаб қуришни таклиф қилган (келгуси йилда фойдаланишга топширилади) Ўзбекистонга миннатдорлик билдираман. Бугун Ўзбекистонга сафарим доирасида ўзбекистонлик ҳамкасбим Бахтиёр Саидов билан мазмунли учрашув ўтказдим. Мамлакатларимиз икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга экани таъкидланди.
Зейн АЛ-ОБИДИН,
Малайзиянинг Негери-Сембилан штати қироллик оиласи шаҳзодаси:
— Аввало, сизларни Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган бутунжаҳон конференцияси муваффақиятли очилгани билан табриклайман.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, бугунги кунда бутун дунёда кичик болаларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида қатор муаммолар мавжуд. Кўпгина мамлакатларда 200 миллионга яқин бола мактабгача таълимга жалб этилмагани уларнинг бошланғич таълим олиш имкониятини чеклайди. Коронавирус пандемияси бу соҳага катта салбий таъсир кўрсатди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда таълим соҳасини, айниқса, мактабгача таълим тизимини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган муваффақиятли қадамларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Ихтисослаштирилган Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш, боғчалар фаолиятини замон талаблари асосида тако миллаштириш ва сонини кўпайтириш, таълимнинг илғор усулларини кенг қўллаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги аниқ чора-тадбирлар эътиборга молик.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида боғчаларда таълим ва тарбия олаётган болалар сони 600 минг нафардан 2 миллионга кўпайгани, уларни қамраб олиш даражаси 70 фоизга етгани қувонарлидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур халқаро конференцияни мунтазам ўтказиш, 2024 йилда бўлиб ўтадиган БМТнинг Келажак саммити умумий кун тартибининг асосий мавзуларидан бирига мактабгача таълим масаласини киритиш борасидаги ташаббуслари, айниқса, катта аҳамиятга сазовор.
Малайзиянинг манфаатдор вазирлик ва идораларини тадбир якунлари ва мамлакатларимиз ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш бўйича Ўзбекистоннинг илғор тажрибаси билан таништириш ниятидаман.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тадбирга таклиф этишгани ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдираман. Мамлакатингиз бизни ўзгача самимийлик ва некбинлик билан қабул қилди, буни мен юртингизнинг ўзига хос “ташриф қоғози”дек қабул қилдим.
Ўзбекистонга таълим соҳасидаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда, жумладан, болаларнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда янада улкан муваффақиятлар тилайман.
Замира АЗИЗХАНОВА
“Дунё” АА
«Янги Ўзбекистон» газетаси
- Қўшилди: 16.11.2022
- Кўришлар: 5085
- Чоп этиш