Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бешинчи Самарқанд форуми минбаридан

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус ўз қутлов нутқида инсон ҳуқуқлари, тараққиёт ва саломатлик ҳуқуқи ўртасидаги узвий боғлиқликни таъкидлади. У Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳамда Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар инсон қадр-қиммати, эркинлиги ва имкониятлари тамойилларининг ҳуқуқий пойдеворини яратганини, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация эса инсон ва унинг ҳуқуқларини тараққиёт жараёнларининг марказига қўйиш зарурлигини мустаҳкамлаганини қайд этди.

Доктор Тедрос Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Устави қабул қилинганининг 80 йиллигига ҳамда унда саломатлик инсон ҳуқуқи сифатида муҳрлаб қўйилганига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, у соғлиқни сақлаш соҳасидаги салмоқли ютуқларга қарамай, кўплаб инсонлар учун саломатлик ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳамон можаролар, қашшоқлик, камситиш, иқлим ўзгариши, мажбурий кўчирилиш ва тиббий хизматлардан фойдаланишдаги тенгсизлик туфайли мураккаблашаётганини билдирди.

Тедрос Адханом Гебрейесуснинг фикрича, «Инсон ҳуқуқлари ва саломатлик бир-биридан ажралмасдир. Тенглик, жараёнларда иштирок этиш, ахборот олиш ва ривожланиш ҳуқуқлари одамларнинг соғлом ҳаёт кечириши учун шароит яратса, саломатлик ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши уларга таълим олиш, меҳнат қилиш, жамият ҳаётида фаол қатнашиш ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имконини беради».

Пировардида ЖССТ Бош директори инсон қадр-қиммати ва тенглик тамойилларига асосланган қонунчилик, давлат сиёсати ҳамда самарали тизимлар орқали халқаро мажбуриятлардан уларни амалда бажаришга ўтиш зарурлигини таъкидлади.

 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Nashr sanasi 12.10.2026 Ko'rishlar 95
Ulashish