Янги Ўзбекистон оиладаги зўравонликка қарши

Пойтахтимизда «Янги Ўзбекистон оиладаги зўравонликка қарши: ҳолати, муаммо ва ечимлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Жумладан, 2019 йилда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун адолат тизимининг хотин-қизлар ва қизлар ҳуқуқларига бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди ҳамда унда белгиланган янги кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ ҳаракатлар белгилаб берилди. 

Конференция 4 та сессия асосида ўтказилди. Оилавий зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, болаларга нисбатан шафқатсиз муносабат ва зўравонлик ҳолатларига қарши муросасиз курашиш, ногиронлиги бўлган шахсларни зўравонликдан ҳимоя қилиш каби сессияларда муҳокама этилган мавзулар долзарблиги билан аҳамиятли бўлди.  

Конференцияда «Оилавий зўравонликнинг олдини олишда давлат органларининг роли: муаммо ва ечимлар», «Марказларга мурожаат қилаётган хотин-қизларга кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги: муаммо ва ечимлар», «Болаларга нисбатан шафқатсиз ёндашувнинг олдини олишга қаратилган тизимни шакллантиришнинг долзарб вазифалари», «Ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамият барпо этиш механизмлари» каби 20 га яқин маъруза тингланди.  

Анжуманда 100 га яқин соҳа вакиллари – докторантлар, ОАВ ходимлари ҳамда 12 нафар халқаро ташкилот вакили иштирок этди. Мазкур халқаро конференцияда тингланган маърузалардан сўнг иштирокчилар томонидан қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.  

 

Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech