Ўтган йил нафақат мамлакатимиз ва халқимиз, балки бутун дунё жамоатчилиги учун ғоят мураккаб ҳамда синовли йил бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада таъкидланганидек, “Ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”.
Ҳақиқатан ҳам, пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятларга қарамасдан, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан юртимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ютуқларга эришилди. Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Бу фикримизни Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими томонидан 2022 йилда амалга оширилган айрим амалий ишлар мисолида тасдиқлашга ҳаракат қиламиз.
Ўтган йили бир қатор қонун лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланди. Хусусан, «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Шунингдек, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузасини муҳокама қилиш ишига тайёргарлик кўрилди. Бу борада:
биринчидан, 2022 йил 29 август – 2 сентябрь кунлари Женевада бўлиб ўтган БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 91-сессиясида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг иштирок этиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шу ҳужжат негизида ташриф самарали амалга оширилди;
иккинчидан, юртимиз делегацияси аъзолари учун Ўзбекистон Республикасидаги бола ҳуқуқлари бўйича вазиятга доир қисқача маълумотнома тайёрланди;
учинчидан, БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистон бешинчи даврий ҳисоботи БМТ Қўмитасининг 91-сессиясида кўриб чиқилиши якунлари юзасидан ҳисобот тайёрланди ҳамда тасдиқланди.
Бундан ташқари, БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси бандларини амалга ошириш доирасида бир қатор ишлар бажарилди. Жумладан:
Конвенциянинг 14-моддасига Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Қўмитасининг якка тартибдаги шикоятларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш ваколатини тан олишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала ўрганиб чиқилди. Ушбу масала юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралардан эксперт хулосалари олинди ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенциянинг 8-моддаси 6-бандига тузатиш бўйича маълумотлар атрофлича ўрганилди. Конвенциянинг 8-моддаси 6-бандига киритилган тузатишни ратификация қилиш мақсадга мувофиқлиги масаласи бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан вазирлик ва идоралар берган мулоҳазалар асосида умумлаштирилган хулоса тайёрланди ҳамда Ҳукуматга тақдим этилди.
Маълумки, “Халқаро шартномалар тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида Ташқи ишлар вазирлиги, халқаро шартнома қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартнома ўзи учун мажбурий эканлигига розилигини билдириш усулини аниқлаши белгиланган. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги конвенцияси 8-моддаси 6-бандига киритилган тузатишни тан олиш усулини аниқлаши лозимлиги кўзда тутилди.
Шу билан бирга, Миллий ҳаракатлар режасининг 19-бандига мувофиқ, мазкур Конвенция қоидалари бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўн учинчи-Ўн тўртинчи даврий ҳисоботи лойиҳаси тайёрланди.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир”. Энг муҳими, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак”.
Ҳусниддин ХОЛМАМАТОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси
- Қўшилди: 05.01.2023
- Кўришлар: 5421
- Чоп этиш