“ВАТАН ТАЯНЧИ” КЎКРАК НИШОНИ ТОПШИРИЛДИ

«Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида умумтаълим мактабларида ташкил этилган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг

400 га яқин аъзосига «Ватан таянчи» кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршиев,  давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

2022 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Бу, ўз навбатида, юртимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мутлақо янгича йўналиши бўлиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ўзига хос шакли ҳисобланади.

Қарорда давлат умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 10-11-синф ўқувчилари орасидан ватанпарвар, энг интизомли ва билимли, ташаббускор бўлган 20 нафар  ёшни саралаб олиш орқали «Ватан таянчи» отрядларини ташкил этиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, бугунги тадбирда ҳам Тошкент шаҳридаги 15 та отряд аъзоларига «Ватан таянчи» ҳаракатининг нишонлари топширилди.

Шунингдек, қарорда ҳаракат фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли идора ва ташкилотларга вазифалар, отряд аъзоларининг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун имтиёзлар ҳам назарда тутилган.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар ҳаракат аъзоларига самимий тилак билдирар экан, келгусида ўз тенгдошлари орасида ҳақиқий ватанпарвар, етакчи ва ташкилотчи бўлиши зарурлигини таъкидлади.

 

Шерзод ШАРИПОВ, «Vatanparvar»

“Ватанпарвар” газетаси 2023 йил 10 февраль 6 -сон

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech