11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни
ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан йўллаган мурожаатномасида ушбу ғояни яна бир бор қўллаб-қувватлашга чақирди. Унинг қайд этишича, “билимлар ва истеъдодларнинг барча манбаларидан бирдек фойдалана олсак, ўшандагина илм-фаннинг салоҳиятини тўла намоён этишга ва янги давр олдимизга қўйган муҳим мақсадларга эришишга том маънода мушарраф бўламиз”.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу халқаро сана бутун дунёда аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли шуғулланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадида таъсис этилган.
Шу муносабат билан 2023 йил 10 февраль куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам баёнот бериб, илм-фан соҳасида хотин-қизлар қанчалик кўп бўлса, бундан илм-фан шунчалик кўп ютишини таъкидлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, “Аёллар ва қизлар илмий тадқиқот фаолиятига хилма-хиллик олиб киради, илм-фан асосий касби бўлган фидойилар сафини кенгайтиради ва илмий-техникавий соҳани янгича қарашлар ҳисобига бойитади”.
Баёнотда ер юзида аёллар ва қизларнинг таълим олишлари чекланган ёки тўла тақиқланган жойлар ҳали ҳам кўплиги ташвишланарли экани айтилган. Хотин-қизлар ўз салоҳиятини намоён этишларига ҳаётда учраётган тенгсизлик ва камситиш омиллари ҳануз халал беришда давом этмоқда. Сунъий интеллект муаммоси билан шуғулланаётган профессионал тадқиқотчиларнинг бештасидан атиги биттасигина аёлдир, дейди Антониу Гутерриш.
Шунинг учун БМТ Бош котиби хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган ҳуқуқини қатъий туриб ҳимоя қилишга, бу йўлдаги ҳар қандай қотиб қолган ёндашувлар, эскича қарашлар ва турли ғов-тўсиқларга барҳам беришга даъват этди. А.Гутерриш қайд этганидек, “Биз барчамиз синфхоналар, лабораториялар ва кабинетларни хотин-қизлар орасидан етишиб чиққан олималар билан тўлдириш эвазига – дунёмизда мавжуд бўлган, лекин шу пайтгача фойдаланилмай келаётган беқиёс истеъдодларга қанот бағишлаш учун ўз муносиб улушимизни қўшган бўламиз”.
Ҳақиқатан ҳам, ЮНЕСКОнинг янги маърузасида таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизлар дунёдаги олимлар сонининг атиги учдан бир қисмини ташкил этмоқда. ЮНЕСКО Статистика институти маълумотларига қараганда, олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларнинг 35 фоизигина илм-фан, техника-технологиялар, муҳандислик ва математика соҳалари бўйича таҳсил олаётган хотин-қизлардан иборат.
ХХI асрда яшаётганимизга қарамай, ҳатто ҳозирги кунда ҳам илм-фан билан боғлиқ соҳаларда хотин-қизларнинг четда қолаётгани очиқ-ойдин кузатилмоқда. Дунё жамиятларининг қон-қонига сингиб кетган бундай гендер нотенглик иллатлари, айниқса, иқтидорли ва юксак салоҳиятли қизлар кўпинча ўзларини илм-фан соҳаларидан четга олишларига тўғри келаётгани мисолида сезилиб қолмоқда.
Бинобарин, хотин-қизларнинг илм-фаннинг барча соҳаларида ўз муносиб ўрни бор. Улар илмий тараққиёт жараёнларида фаол иштирок этиш ҳуқуқига эга. Буни аёллар ва қизлар чуқур англаб етишлари керак.
Шунинг учун ЮНЕСКО сайёрамизда илм-фан билан шуғулланадиган хотин-қизлар сафини кенгайтириш йўлида изчил иш олиб бормоқда. Бу борада 2021 йилда ЮНЕСКОнинг Очиқ илм-фан бўйича тавсиялари барча аъзо-давлатлар томонидан қабул қилингани катта аҳамиятга эга бўлди.
Аммо, ҳозирча жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади. Шу маънода, дунё ҳамжамиятининг кейинги йилларда илм-фан соҳасида гендер тенгликка эришиш йўли билан "рақамли инқилоб" самараларидан аёллар ва эркаклар тенг фойдаланишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани жуда муҳим.
Яна бир муаммо шуки, хотин-қизлар замонавий технологияларга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.
Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда.
Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганлигидир.
ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.
Илм-фан соҳасида жинсий мансублик билан боғлиқ камситишларга қарши курашнинг муҳим чораларидан бири – бу олималарга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, тегишли маълумотлар базасини яратишдир. Ҳозирда ушбу маълумотлар устида ишлаётган ташкилот ўз таркибида 500 нафар олимани жамлаган. Улар, бир томондан, хотин-қизларга таълим олиш ва ишга жойлашишда кўмаклашаётган бўлса, иккинчи томондан, муайян натижага эришганларни рағбатлантириш билан изчил шуғулланмоқда.
Афсуски, хотин-қизлар илм-фанда ва компьютер, информатика, технологиялар соҳаларида ҳалигача етарли даражадаги мавқега эга эмас. Бу ҳолатни аёлларнинг “ожиза”лиги ёки бола-чақа ва рўзғор ташвишларига ўралашиб қолиши каби омиллар билан боғлаб талқин қиладиганлар учун ҳаётий бир мисол келтирамиз.
Астрономия соҳасининг эркак мутахассислари эътирофига қараганда, ўта кучли сабр-тоқатни талаб қиладиган ушбу фан майда ишларга жуда пухта бўлган хотин-қизларнинг илмий изланишлари натижадор бўлиши учун айни муддао экан. Шу нуқтаи назардан, астрономияга оид баъзи катта кашфиётлар бошида айнан аёллар тургани бежиз эмас.
Масалан, биринчидан, галактикалар ичида номаълум, қоронғи модда аниқланган. Ана ўша қоронғи моддани 1970 йилларда Вера Рубин аниқлаган. Бу америкалик аёл ёш боласи борлиги учун ярим ставкада ишлагани ҳолда, шундай оламшумул кашфиёт қилишга муваффақ бўлган.
Иккинчидан, яна бир америкалик аёл – Андрея Миа Гез астрономия соҳасида Нобель мукофотини олган. Сомон йўли галактикаси марказида жойлашган 4 миллион қуёш массасига тенг ўта оғир қора ўра мавжудлигини аниқлагани учун Андрея Гез ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган.
Учинчидан, нейтрон юлдузлари илк бор англиялик аёл олима Жоселин Белл томонидан 1967 йилда топилган. Демак, аёллар оламшумул кашфиётлар қилишлари учун уларга жинсий мансублиги, оилали экани ёки фарзанд тарбияси билан бандлиги каби ҳолатлар, аслида, халал бермайди.
Дарвоқе, юртимизда астроном олималар борми? Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти Назарий астрофизика бўлими мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедов ЎзА мухбири билан суҳбатида ушбу саволга жавоб берар экан:
“Аёл шогирдларим жуда кўп. Афсуски, уларнинг кўплари хорижлик олимлар билан чет эл университетларида фаол ишлаб келмоқда. Виктория Морозова менинг раҳбарлигимда 2010 йилда 23 ёшида фалсафа доктори илмий даражага эга бўлди ва Германияга хизмат сафарига бориб ўша ерда иқтидорли олим Давиде Радиче исмли йигитга турмушга чиқиб, ҳозирда Пенсилвания университетида ишламоқда. Валерия Каграманова ҳам Германияда диссертациясини ҳимоя қилди. Мадина Бобоқамбарова боливиялик курсдоши билан оила қуриб, ўша ерда фаолият юритмоқда. Яна битта шогирдим Малика Худойбердиева ҳозир Ўзбекистон Миллий университетда докторантурани тугатди. Диссертацияси деярли тайёр. Бир-икки ой ичида ёқлайди”, деб қайд этган. (Қаранг: https://uza.uz/uz/posts/ozbekistonda-astronom-olimlar-yuqori-maosh-olayotgani-rostmi_446779).
Шу ўринда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Бугун Ўзбекистон аёллари турли жабҳаларда ўз ўрни ва муносиб мавқеига эга бўлиб бормоқда.
Буларнинг барчаси сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш борасидаги тизимли ишларнинг самараларидир. Айни соҳадаги ишлар, хусусан:
аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;
аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;
ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда олиб борилмоқда.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш алоҳида эътибор марказида турибди. Шу мақсадда «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.
Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки бараварга ортди.
Ўзбекистонда олима аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар учун илм-фан билан шуғулланишлари борасида яратилган имкониятлар ҳақида сўз борганда, жумладан, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайд этиш мумкин. Ушбу муассаса томонидан хотин-қизларни фан соҳасига янада кенг жалб этиш, олима аёллар сафини кенгайтириш, улар фаолиятини ривожлантириш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича изчил илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Айни мавзуларда рисола, қўлланма ва монографиялар яратилмоқда. Яқинда, жумладан, “Оқила аёллар – фаровон оила таянчи”, “Гендер экспертиза ўтказишнинг ҳуқуқий методологик асослари”, “Оила ва маҳаллада ногирон болаларни тўлақонли ижтимоий ҳаётга мослаштиришнинг мобил ечимлари”, “Оилада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – соғлом турмуш асоси” ҳамда “Оилалар барқарорлигини таъминлашда меҳнат миграциясининг таъсири” китобларининг тақдимоти ўтказилди.
Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бу борада қўлга киритаётган ютуқларимиз БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Хулоса ўрнида ЮНЕСКО илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг ўрнига доир салбий қарашларга қарши фаол ва изчил курашаётганини яна бир бор таъкидлашни истардик. Бу йўлдаги маънавий-маърифий жараёнлар, жумладан, олималарга нуфузли мукофотлар тақдим этиш кўринишида ҳам давом этмоқда.
Шундай мукофотлардан бири – "Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларга" деб номланади. Мазкур мукофот Л'Ореал-ЮНЕСКО Дастури томонидан таъсис этилган. Шу тариқа ЮНЕСКО 25 йилдан буён олималарга турли мукофотлар топшириш ва тадқиқотчи қизлар учун стипендиялар тақдим этиш билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Л'Ореал-ЮНЕСКО Дастурининг "Илм-фан соҳасидаги хотин-қизларга" мукофоти ҳар йили 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан топширилади. Ҳозирги кунга қадар ер юзидаги 120 нафардан зиёд машҳур олима ушбу мукофот билан тақдирланган бўлиб, уларнинг орасида 5 нафар Нобель мукофоти совриндорлари ҳам бор.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 10.02.2023
- Кўришлар: 5432
- Чоп этиш