2023 йил 17 февраль куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида навбатдаги ялпи мажлис масалалари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мамлакатимиз томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.
Муҳокама чоғида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш масалалари устувор аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича мамлакатимизнинг Миллий стратегияси доирасида республикамиз фуқароларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) қатор конвенциялари ратификация қилинган.
Президентимиз қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқлангани ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шу билан бирга, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидладилар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмалари етарли даражада шаклланмаганлиги ҳуқуқ-тартибот органларига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.
Ижтимоий инфратузилма объектлари (йўллар, мактаблар, университетлар, поликлиникалар, шифохоналар) ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли даражада мослаштирилмаганлигини кўрсатган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижроси мониторинги натижалари сенаторларни алоҳида ташвишга солиб, Брайл алифбосидаги дарсликларнинг етишмаслиги ҳам таъкидланди.
Қўмита мажлисида ўтказилган ҳар томонлама ва очиқ муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор ва тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
- Қўшилди: 17.02.2023
- Кўришлар: 4558
- Чоп этиш