ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК – ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ РИВОЖЛАНТИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛ

20-28 февраль – “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”

 

Таълим тизимини шакллантириш, таълим сифатини ошириш ва барча соҳаларда сифатли таълимга бўлган талабни қондириш – бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифалардандир. Мамлакатимизда айни йўналишга бўлган эътибор ҳам изчил ошмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – таълимнинг турларидан бири. Бу соҳадаги сифатли таълим инсоннинг ҳуқуқий билим ва тажрибасини шакллантиришга хизмат қилиб, жамиятда зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу маънода, жорий йил 7 февралда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани улкан воқеа бўлди. Қарорда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштиришга оид долзарб вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ана шу муҳим вазифаларнинг ҳар бири инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилган. Шу мақсадда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури 5 бобдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг асосий мақсади:

  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидалари ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш;
  • шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада кучайтиришдир.

Бугунги кунда аксар ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини билмаганлари сабаб ўз йўлларини топишда, мукаммал билим эгаси бўлишда интилишлари ортга сурилмоқда. Ушбу Дастур эса уларнинг ҳуқуқий билимларини янада бойитишга хизмат қилади.

Албатта, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш, билим ва кўникмаларини шакллантириш ниҳоятда улкан аҳамиятга эга. Айни чоғда, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида айни йўналишдаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам қамраб олинган.

Шу маънода Миллий таълим дастури ижроси бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”да кўплаб амалий тадбирлар кўзда тутилгани диққатни тортади. Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасидаги вазифалар – инсон ҳуқуқлари мавзусига оид дарсликлар тайёрлаш, ўқувчи ва талабалар учун инновацион танловлар, викториналар, ёзги мактаблар ташкил этиш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш жуда муҳим.

Буларнинг барчаси, шубҳасиз, ҳар бир юртдошимизнинг инсон ҳуқуқлари таълими йўналишида сифатли билим олишида қўл келса, иккинчи томондан, жамиятимизда бевосита ҳуқуқий саводхонликни оширишга хизмат қилади. Шунинг учун Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига нисбатан жамоатчилигимизнинг қизиқиши бежиз эмас.

Табиийки, ёшларнинг ҳуқуқий билимини ривожлантириш учун аввало педагог кадрларнинг салоҳияти, билими ва тажрибаси янги давр талаблари даражасида шаклланган бўлиши керак. Дастурда бу масалага ҳам урғу берилган. Хусусан:

  • педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курсларини жорий қилиш;
  • ҳуқуқшунос-педагоглар тайёрлаш таълим йўналишини ташкил этиш;
  • «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ» магистратура мутахассислигини жорий этиш;
  • инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълимни такомиллаштириш;
  • инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича амалий, фундаментал ва инновацион илмий лойиҳалар танловларини ўтказиш;
  • инсон ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича хорижий олий таълим ва илмий ташкилотларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантурасида мутахассисларни ўқитиш ҳамда малакасини ошириш тизимини жорий этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилган.

Дастурнинг яна бир аҳамиятли жиҳати: унда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини оширишга оид муҳим вазифалар белгиланган. Бу ўринда, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича семинар-тренинглар ўтказиш, аёллар ва бола ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари жорий қилиш, мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиш масалалари ҳақида сўз бормоқда.

Шубҳасиз, ушбу вазифалар ижобатига қаратилаётган эътибор инсон ҳуқуқлари соҳасидаги исифатли таълим билан жамиятни тўла қамраб олиш йўлидаги асосий қадамлардан ҳисобланади. Чунки барча тизиму соҳаларда ҳуқуқий билим ва саводхонликнинг оширилиши мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, турли зўравонликларнинг келиб чиқмаслиги учун мустаҳкам асос бўлади.

Дастурда яна бир аҳамиятли жиҳат бор. Бу ҳам бўлса, замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия бериш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган эътибордир.

Бу бежиз эмас. Чунки, айни вақтда баъзи оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва билим даражасини жуда ҳам яхши деб, баҳолай олмаймиз. Шунинг учун Дастурда ахборот хизматлари ходимлари ва журналистлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари ташкил қилиш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган.

Албатта, тизимда бу каби вазифаларнинг жорий этилиши оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқий билим, саводхонлиги, тажрибасини шакллантиради. Муҳими эса, ахборот тўғри ва аниқ етказилишига янада кенг йўл очади.

Бинобарин, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг қабул қилинишидан асосий мақсад – аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жумладан, бу борада ахборот тарқатишдир.

 Бу мақсад, ўз навбатида:

  • инсон ҳуқуқлари соҳасида сифатли таълим бериш фаолиятини янада такомиллаштириш;
  • жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштиришга кўмаклашиш;
  • аҳолининг турли гуруҳлари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, гендер тенглик мазмун-моҳиятини тушунишга эришиш;
  • давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш борасидаги билим ва кўникмалари тўлақонли шаклланишига эътибор қаратиш;
  • инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-тадқиқот ва ўқув жараёнини такомиллаштириш каби бир-биридан муҳим вазифаларни ўзида қамрайди.

Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида сифатли таълим бериш аҳоли, айниқса, ёшларимизнинг бу борадаги замонавий билимларини шакллантириш, қолаверса, жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни оширишнинг устувор омили ҳисобланади. Ўз навбатида, Президентимиз Қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ана шу эзгу амалларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Севара ИШМУРАТОВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг Умумий бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech