“Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танлови эълон қилинди

20 февраль куни мамлакатимизда 20 февралдан – 28 февралга қадар давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”  доирасида “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танловига старт берилди. Мазкур танлов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Тонг юлдузи”, “Класс!” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, 2023 йил 10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги “Ҳамма учун қадр-қиммат, эркинлик ва адолат” шиори остида кенг нишонланади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси – ноёб ҳужжат бўлиб, дунё ҳалокатли воқеаларни бошдан кечираётган қалтис даврда, яъни 1948 йили ушбу Декларацияда умуминсоний ҳуқуқлар белгилаб берилди ва ҳар бир инсоннинг тенг қадр-қиммати тан олинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Тонг юлдузи” ва “”Класс!” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда ушбу муҳим халқаро сана ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан болалар ва ўсмирлар ўртасида “Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” Республика кўрик-танловини ўтказишга қарор қилди. Танлов 4 та номинация:

– “Энг яхши мақола”;

– “Энг яхши шеър”;

– “Энг яхши расм”;

– “Энг яхши видеоролик” номинациялари бўйича 2 босқичда ташкил этилади.

Биринчи босқич 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида якунланади. Иккинчи босқич ғолиблари эса 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни аниқ бўлади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Газеталар шарҳи

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech