“Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият”

20 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди.

Видеоконференция тарзидаги ушбу тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 феврадаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан 20 февралдан – 28 февралга қадар давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”  доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов давра суҳбатини очар экан, шу кунларда 75 йиллиги нишонланаётган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингандан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига устувор эътибор бера бошлаганини қайд этди. Мазкур ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга кенг йўл очади.

Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ўз ичига олиб, ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам қамрайди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараёндир.

Ўз навбатида, 2004 йил 10 декабрда БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинди. Жаҳон таълим дастури доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббус ҳисобланади.

Ўтган даврда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг учта босқичи дунё миқёсида амалга оширилди. Ушбу жараёнларда давлатлар томонидан бошланғич ва ўрта мактаб, олий таълим тизимида, ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбийлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш билан боғлиқ маърифий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирги вақтда Жаҳон таълим дастурининг 2020-2024 йилларга белгиланган тўртинчи босқичи давом этмоқда. Жорий босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситимаслик руҳида тарбиялаш, инклюзив, тинч ва осойишта жамият яратишга имкон берувчи сифатли таълим беришга йўналтирилган.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш
ва бу ҳуқуқларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш борасида мақсадли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Энг асосийси, юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан узвий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон парламенти палаталари кенгашлари томонидан 2019 йил 15 июлда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури қабул қилинди ҳамда тегишли «Йўл харитаси» асосида унинг ижроси тўла таъминланди.

Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда имзоланган қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Миллий таълим дастури мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Қарор ва Дастурда айни мақсадга эришиш учун бир қатор муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, бу борадаги чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича Дастур тасдиқланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Абдуманноп Тўлаганов “Инсон ҳуқуқлари: тарих ва келажак” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонованинг “Ёшлар ҳуқуқлари – давлат ҳимоясида” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Жонли мулоқотлар “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича Дастурда кўзда тутилган навбатдаги қизиқарли тадбирларга уланиб кетди.

Давра суҳбати доирасида, жумладан, 2022 йил декабрида якунланган “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танловига старт берилди. Мазкур танлов “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

ЎзА

Маърифат газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech