Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Ватан манзумаси” деб номланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчиллик билан амалга ошириш, улғайиб келаётган авлоднинг онги, тафаккурини тўғри шакллантириш, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. “Инсон қадри ва сифатли таълим йили” деб ном олган жорий йилда бу борадаги амалий ишларни замон билан ҳамнафас ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги мураккаб глобаллашув даврида ёшларни турли ёт ва зарарли, ўткинчи ғоялардан ишончли ҳимоялаш, улар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, ўзи туғилиб ўсган юрт келажаги учун масъулият туйғуларини мустаҳкам қарор топтириш эндиликда ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.
Кечада Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, оташнафас шоирларнинг шеърлари янгради. Мамлакатимиздаги тинч ва осойишта, хавф-хатардан холи ҳаёт, ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик, тўкислик ва фаровонлик, оқибат, ўзаро меҳр ва мурувват муҳити олий қадрият экани ёрқин ва бетакрор мусиқий дастур орқали яна бир карра ўз ифодасини топди.

Юртимиздаги тинчлик ва тотувликни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш наинки ҳарбий соҳа вакиллари, балки барча ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчи экани ранг-баранг мусиқий чиқишлар воситасида яна бир карра намоён бўлди.
Самимий руҳда ўтган тадбир пойтахт ёшларида катта таассурот қолдирди.

“Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кечада Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 22.02.2023
- Кўришлар: 4410
- Чоп этиш