Қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотлари бошланди

22 февраль куни Фарғона шаҳрида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусидаги ўқув курси бошланди. Ушбу машғулотлар мамлакатимизда 20 февралдан – 28 февралга қадар давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”  доирасида ташкил этилди ва жадвал асосида йил давомида юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилади.

Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ички ишлар тизими ходимлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлади. Ўқув машғулотлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди.

Машғулотлар аввалида инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдан иборат эканига эътибор қаратилди. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.

Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа турдаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1997 йилда 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.

Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топганди.

Натижада 2021 йил 17 ноябрдан – 17 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Ички ишлар вазирлиги тизимида фаолият олиб борувчи 1200 нафарга яқин тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун ўқув курси ўтказилди. Навбатдаги машғулотлар эса прокуратура тизими ходимлари учун ташкил этилди.

Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги Қарори қийноққа қарши кураш йўналишидаги ўқув машғулотларига янги руҳ бағишлади. Қарорга мувофиқ, эндиликда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.

Ўқув курсининг биринчи кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабоев, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасидиқов,  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, подполковник Қувонч Қодиров маърузалари тингланди.

Машғулотларда, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Меҳмонали Сувонқулов, ушбу институт ўқитувчиси, подполковник Жаҳонгир Яқубов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Ф.Ҳайитбоев ўз маърузалари билан қатнашмоқда.

 Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув курси БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда. Машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга мўлжалланган.

Ўқув курси машғулотлари 23 февралда якунланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech