Риштонда “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида тадбирлар ўтказилди

23 февраль куни Фарғона вилояти, Риштон тумани, Зоҳидон қишлоғидаги 3-ўрта таълим мактабида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида туркум маърифий-ҳуқуқий тадбирлар бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирлар мамлакатимизда 20 февралдан – 28 февралга қадар давом этадиган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”  доирасида ташкил этилди.

 Дастлаб мактаб жамоаси билан учрашув бўлди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Тиллабоев, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори М.Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор М.Мамасидиқов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб бердилар.

Шундан сўнг ушбу мактабда узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан фахрий устоз ва мураббийларга  ҳамда фидойи ўқитувчиларга совғалар берилди. Фаол ўқувчиларга Миллий марказ номидан ташаккурнома ва эсдалик нишонлари топширилди.

Мактаб кутубхонасига инсон ҳуқуқлари йўналишида нашр этилган янги китоблар тақдим этилди.

Меҳмонлар таълим муассасасидаги ўқув жараёни билан ҳам танишдилар.

Тадбирларда Риштон тумани ҳокими С.Солиев ва туман прокурори Р.Мадалиев иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech