Термизда вилоят суди раиси талабалар билан учрашди

Сурхондарё вилоят суди раиси А.Рўзиқулов Термиз давлат университетида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуига бағишланган тарғибот учрашуви ўтказди.

Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида шу йил февраль ойида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш белгиланган. Мазкур ҳафталик доирасида вилоятда “Судья ва ёшлар” тарғибот учрашувлари бўлиб ўтмоқда.  

Термиз давлат университетида ташкил этилган тарғибот учрашувида вилоят суди раиси А.Рўзиқулов кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаб, инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасига олиб чиқаётганини алоҳида таъкидлади. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида 2020–2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилаётганини қайд этди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси”, жойларда ўтказилаётган “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигининг мазмун-моҳияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси хусусида фикр алмашилди.  

–Давлатимиз раҳбари ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратаётганида чуқур маъно бор,–деди вилоят суди раиси А.Рўзиқулов.– Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Шунга кўра, эндиликда мамлакатимизда таълим бериш сифатини янада ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштириш, илмий-тадқиқот ҳамда ўқув жараёнини такомиллаштириш инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълимимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Ҳозир амалга оширилаётган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш, инклюзив, тинч ҳамда осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим бўлгани билан ҳам аҳамиятлидир.  

Миллий таълим дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аҳоли барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ҳамда халқаро стандартлар ҳақидаги хабардорлигини, шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Фуқароларнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириб, унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлайди.  

Учрашув якунида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech