2023 йилнинг 23 февраль куни Тошкент “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган онлайн ва офлайн шаклда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, ННТ, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро давра суҳбатида Олий Мажлиси Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ҳамраиси Танзила Нарбаева, сенатор ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва академик ҳамжамият, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланганди.
2022 йил 29 декабрда эса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарор билан 13 та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур Қўшма қарор Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғундир.
Олий Мажлис Сенати Раиси ўз сўзида барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда манфаатлар мувозанатининг самарали механизми яратилгани, соҳада парламент назорати ўрнатилгани, хусусан, миллий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани ва унинг фаолиятига тўхталиб ўтди.
— Ўтган давр мобайнида Парламент комиссияси томонидан 10 та миллий мақсад ва унинг 51 та вазифаси ҳамда 81 та индикатори бўйича ҳудудларда барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг бажарилиши ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш якуни юзасидан Парламент комиссияси мажлисларида 28 нафар вазирлик ва идора, шу жумладан Мувофиқлаштирувчи кенгаш раҳбарининг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди, — деб таъкидлади Сенат Раиси.
Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватланди ва тегишли резолюциялар қабул қилинганлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига эътибор қаратилди.
Давра суҳбатининг якунида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 24.02.2023
- Кўришлар: 3907
- Чоп этиш