Маҳалла ходимларининг гендер зўравонлигига қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистонда гендер зўравонликка қарши кураш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ижтимоий меъёрларни таъминлаш саъй-ҳаракатлари доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Aҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда “Маҳаллада гендер тенглиги: ҳуқуқий, диний ва психологик ёндашувлар” мавзусида уч кунлик тренинг ўз ишини бошлади.

Тренингда мамлакат бўйлаб 40 нафар ҳудудий координатор ва “еттилик” вакиллари иштирок этмоқда. Семинар маҳаллий даражадаги салоҳиятни мустаҳкамлаш ва гендер зўравонлигининг олдини олишда кўп қиррали ҳамда маданий контекстга мос ёндашувни илгари суришга қаратилган. 

– Маҳаллалар Ўзбекистонда ижтимоий бирдамликнинг биринчи чизиғи ҳисобланади, – деди UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили ўринбосари Матлуба Умурзоқова. – “Мутахассисларни стереотипларни аниқлаш, жабрланганларга йўналтирилган ёрдам кўрсатиш ва инклюзив етакчиликни ривожлантиришга ўргатиш орқали биз гендер тенглиги соҳасидаги миллий ислоҳотларни ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига татбиқ қилмоқдамиз. 

Бундай ёндашувни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жовдатхон Иноғомов UNFPAнинг юртимиздаги ваколатхонаси билан давомли ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, маҳаллаларнинг гендер тенглигини тарғиб қилиш ва зўравонликнинг олдини олишдаги ролини кучайтириш томонларнинг умумий устувор йўналишидир. 

– Мазкур тренинг маҳаллий етакчиларимизни барчага хавфсиз ва инклюзив муҳит яратиш учун зарур билим ва кўникмалар билан таъминлаш йўлида яна бир муҳим қадамдир, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Жовдатхон Иноғомов. 

Тренинг 2025 йил февраль ойида ўтказилган семинарнинг мантиқий давоми бўлиб, унда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва гендер тенглигини илгари суришда маҳаллаларнинг асосий роли таъкидланган эди. Ҳуқуқий, диний ва психологик ёндашувларни уйғунлаштирган ушбу янги дастур ҳар бир маҳалла аёллар ва қизлар учун хавфсиз ва инклюзив муҳитга айланишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Мазкур ташаббус Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда, Буюк Британиянинг Халқаро хавфсизлик жамғармаси билан биргаликда амалга оширилмоқда. 

Уч кун давомида иштирокчилар гендер тушунчалари бўйича билимларини чуқурлаштиради ва иш жойидаги эскича қараш ва ёндашувларни аниқлашни ўрганади. Тенгликни тарғиб қилувчи ва зўравонликни рад этувчи диний тамойиллар билан танишади. Aёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи миллий ва халқаро ҳуқуқий асосларни кўриб чиқади. Гендерга сезгир инсон ресурслари бошқаруви ва инклюзив етакчилик усулларини ўзлаштиради. Гендер зўравонлигига қарши курашишда жабрланувчига йўналтирилган ёндашув амалиётини мустаҳкамлайди. 

Ташаббус 2024 йил 15 мартдаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Маҳалла еттилиги” тизими ҳамда гендер тенглигини барқарор тараққиётнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаган “Ўзбекистон–2030” миллий стратегиясининг амалиётга жорий этилишига хизмат қилади. 

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мамлакат бўйлаб 9 минг 452 та маҳалла ишини мувофиқлаштиради. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 7 март Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилиши таъкидланди. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади. Aлбатта, Ўзбекистон Президентининг бу каби ташаббуслари мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган катта қадамлардандир.

Ўзбекистон гендер тенглиги ва маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигига устувор аҳамият бераётган бир пайтда, ушбу тренинг каби ташаббуслар узоқ муддатли ўзгаришларга олиб борувчи муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Маҳаллий етакчиликни ривожлантириш ҳамда маданий ва ҳуқуқий ёндашувларни уйғунлаштириш орқали UNFPA ва унинг ҳамкорлари ҳар бир маҳаллани нафақат бошқарув маркази, балки ҳар бир инсон учун қадрият, хавфсизлик ва имкониятлар таянчига айлантиришга интилмоқда. 

Н.Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech