Мансабдорлар ҳаракати туфайли етказилган зарарни қоплаш бўйича қонун қабул қилинади

Қонун билан етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат органи ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарори ёки ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Конституциянинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

 

Қайд қилинишича, бугунги кунда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар ва маънавий зиёнларни қоплашни тартибга солиш ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган эди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан етказилган зарарнинг ўрнини компенсация қилиш, ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органининг мансабдор шахсидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш, ҳудудий компенсация жамғармаси маблағларини шакллантириш тартиби белгиланади.

Қонун ташаббускорлари ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга қаратилганини таъкидлади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech