Масъулиятни ким ўз зиммасига олади?

Сирдарё вилоятида ногиронлиги бўлган шахслар сони 2025 йил 1 август ҳолатига кўра 39 297 нафарга етди.

Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4 053 нафарга кўп бўлиб, 12 фоизга ўсди.
Туманлар кесимида энг юқори ўсиш Сайхунободда қайд этилди — 21,3 фоиз. Ховосда — 16,1%, Янгиерда — 13,9%, Боёвутда эса — 13,6%.

Асосий ҳолатлар қон айланиш тизими касалликлари (19,4%), суяк-мушак тизими касалликлари (14,8%), туғма нуқсонлар (11,4%) ва хавфли ўсмалар (7,9%) ҳиссасига тўғри келмоқда. Айниқса, Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон ва Оқолтин туманларида кўрсаткичлар юқори.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирокида ўтказилган таҳлилий йиғилишда бу вазият жиддий муҳокама қилинди.

— Қон айланиш тизими ва руҳий касалликлар ҳануз етарли даражада профилактика қилинмаяпти. Бу ногиронлик ҳолатлари ва касаллик кўрсаткичларининг ортишига сабаб бўлмоқда, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Бойзоқов. 

— Асосий масъулият Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг даволаш-профилактика муассасалари зиммасига тушади. Эрта ташхис ва профилактика тадбирлари тўғри ташкил қилинса, вазиятни назорат қилиш мумкин. Аммо бу борада тизим яхши ишламаяпти. 

Йиғилишда белгиланган таклиф ва вазифалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ногиронлик ҳолатларининг ортиб боришини олдини олиш ва тизимли профилактика чораларини амалга оширишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Ғулом Примов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech