Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамалар марказида бўлди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасида меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқий кафолатлар, меҳнат муҳофазаси ва ишчиларнинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормалар назарда тутилган. Ишчи-ходимлар манфаатлари, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган нормалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, таклифлар берилди.

Шунингдек, йиғилишда низоларни тарафларнинг ўзаро келишуви асосида ҳал қилиш, яъни медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда судларда иш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда фуқаролик суд ишлари 2021 йилга нисбатан 46 фоизга ошган. Бу эса суд органларига иш юкламасини ошириши баробарида аҳолига ҳам ортиқча вақт ва оворагарчилик билан боғлиқ муаммоларни туғдиряпти.

Маълумотларга кўра, Америка ва Европа давлатларида низоларни медиация йўли билан судгача ҳал қилиш умумий ишларнинг 80 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич фуқаролик ишларида 0,2 фоиз, иқтисодий ишларда эса атиги 1,8 фоизни ташкил қилади.
Мазкур қонун лойиҳасида медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талаблар ва медиатив келишувларни ижро этиш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Лойиҳанинг қабул қилиниши низоларни самарали ва тезкор ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 10.06.2025
- Кўришлар: 274
- Чоп этиш