Меҳр-мурувват ва хайр-саховат айёми
Мамлакатимизда маърифий жабҳалардаги янгиланиш жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Рамазон ойининг меҳр ва мурувват, хайр ва саховат айёми сифатида нишонланиши фикримизнинг ёрқин далилидир. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби муборак масканларнинг бунёд этилишини бу борадаги амалий ишларнинг яна бир намунаси, дейиш мумкин.
Ушбу савобли ташаббусларнинг аҳамияти, моҳи Рамазон, Ҳайит байрамининг халқимиз ҳаётидаги ўрни ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳаммедов ўз муносабатини билдирди:
– Халқимизнинг муқаддас эътиқоди – Ислом тинчлик, маърифат ва меҳр-мурувват дини сифатида барча инсонларни эзгуликка, яхшиликка даъват қилиб келмоқда. Айниқса, унинг қадриятлари ва фазилатлари ҳайит кунларида ўзгача файз билан қалбларимизни мунаввар этади. Зеро, ийд Рамазон кунларида касалманд, муҳтож кишилар, кексалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини кўтариш, ёру биродарлар, қавму қариндошларни зиёрат қилиш, ҳайитликлар улашиш улуғ савобли амаллардан ҳисобланади.
Рамазон ҳайити ислом манбаларида “Ийд ал-Фитр” дейилиб, бир ой рўза ибодатининг интиҳоси, яъни якуни саналади. Ўз навбатида Рамазон ҳайити маънавий покланиш, қалблар қувончи ва шукроналик байрамидир. У гуноҳлар мағфират қилиниши, рўзадорларнинг тақдирланиши, силаи раҳм (қариндошлар ҳолидан хабар олиш), фақирларга ёрдам бериш ва жамиятда меҳр-оқибатни мустаҳкамлайдиган улуғ айём, десак муболаға бўлмайди.
Рамазон ҳайитининг асосий фазилатларини санайдиган бўлсак, аввало, шукрона ва хурсандчилик куни, айниқса, масжидларда ҳайит намози жамоат бўлиб ўқилишида мусулмонларнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва шодлиги намоён бўлади. Гуноҳларнинг мағфират (кечирилиши) қилиниши, Рамазон ҳайити намозидан олдин фитр садақаси бериш вожиб бўлиб, бу билан кам таъминланган ва ёрдамга муҳтожларнинг байрамда хурсанд бўлишига сабаб бўлади.
Рамазон ҳайити кунларида оила аъзолари, қариндошлар ва қўшнилар билан кўришиш, силаи раҳм (қариндошчилик) қилиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, йўқлаш ва ҳайитлик, совғалар улашиш каби меҳр-мурувват ва хайр-саховат кўрсатилиши асрлар давомида қадриятга айланган.
Меҳр-шафқат, файз-барака, рушд-ҳидоят кунлари бўлган Рамазон ойи ҳам охирига етмоқда. Мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларимиз туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғоялари остида кам таъминланган 3,5 миллион аҳолига моддий кўмак ва ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, маҳаллалар, жойлардаги турли ташкилотлар томонидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Шундай муборак Рамазон кунларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказининг очилиши ижтимоий-маънавий ҳаётимизда муҳим воқеага айланди. Жаннатмакон юртимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан то бугун кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар – халқимизнинг буюк маънавий бойлиги дейиш мумкин.
Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилишида Президентимиз таъкидлаганларидек, “Уч минг йилдан зиёд шонли тарихимизни Янги Ўзбекистон билан боғлайдиган, инсон ва халқ қадрини улуғлайдиган ақл-тафаккур маркази ташкил этилди”.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.
Айнан шу муқаддас заминда туғилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларимиз ислом таълимоти ва назарияси ривожига улкан ҳисса қўшганлар.
Муҳими, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида оламшумул кашфиётлар, фундаментал асарларнинг аксарияти айнан юртимиз алломалари томонидан яратилгани ҳар бир юртдошимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.
Президентимиз “ушбу Марказ маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятимиз учун фундаментал база бўлади. Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари юқори курсларни шу ерда ўқийди, ўқитувчи-домлалар эса ўз билим ва малакасини оширади” деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Эндиликда Академия талабалари “Ислом тарихи”, “Ислом маданияти ва санъати”, “Қуръоншунослик”, “Ҳадисшунослик”, “Фиқҳ”, “Калом”, “Тасаввуф тарихи”, “Мовароуннаҳр алломалари илмий мероси” каби қатор фанларни бевосита марказда ўтиш имкониятларига эга бўлади. Шунингдек, талабаларнинг малакавий амалиёт машғулотлари ҳам марказда ташкил этилиши ёшларнинг билим ва малакаларини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, Ислом цивилизация маркази халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг оммалаштириш учун имкониятлар эшиги очилди.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.
Ўзбекча
English
Русский