Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодекси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги ва “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқликни баҳолаш органлари масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини тегишли талабларга номувофиқ бўлган маҳсулотларни ўз ихтиёри билан савдодан чақириб олишни рағбатлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Муҳокамаларда фракция аъзолари қонун лойиҳасида белгиланаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирди. Айрим нормалар бўйича саволлар ўртага ташланди. Қонун лойиҳасининг аҳамияти эътироф этилиб, маъқулланди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари миграция ва унинг қонуний асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди. Қайд этилганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ноқонуний тўловлар хорижда иш қидираётган шахслардан ундирилиши натижасида хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳолатлари одатий ҳолга айланиб қолмоқда.

Лойиҳага кўра, хусусий бандлик агентликларига хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва чет тилларига ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга ҳамкор хорижий иш берувчиларни жалб қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Миграция агентлигига хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий таъсир чораларини қўллаш ваколати берилмоқда.
Йиғилишда кун тартибидаги яна бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 27.05.2025
- Кўришлар: 252
- Чоп этиш