3 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторинги” мавзусидаги тренинг ўз ишини бошлади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий ваколатхонаси мазкур тадбир ташкилотчилари ҳисобланади.
Тренинг машғулотларини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, БМТ Қийноқларнинг олдини олиш бўйича кичик қўмитаси раиси ўринбосари Виктор Захария, шунингдек, Буюк Британия Жазони ижро этиш муассасалари маъмурияти вакили Жанет Хол ва Эксетер университети профессори Аби Даймонд иштирокчиларни қутлади.
- Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ушбу тадбирни ўтказиш ташаббускорлари қаторида борлиги бежиз эмас, - деди, жумладан, элчи Жон МакГрегор. - Чунки бу мавзу катта аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегиясида айни йўналишда белгиланган устувор йўналишлар билан ЕХҲТнинг мажбуриятлари ўзаро ҳамоҳангдир.
Кейинги йилларда маҳбусларни пенитенциар муассасаларда ушлаб туриш бўйича халқаро стандартлар изчил ривожланди ва сайқалланди. ЕХҲТнинг мазкур соҳага оид бир қанча мажбуриятлари мавжуд. Транспарентлик ва жамоат назорати демократия ҳамда қонун устуворлиги принципларига асосланишини назарда тутсак, худди шу принципларни пенитенциар муассасаларда қўллаш жуда муҳимдир. Озодликдан маҳрум этилган шахсларни мунтазам кузатиш ва улар жойлаштирилган муассасаларга бориб миллий даражадаги мониторигни амалга ошириш, ҳеч шубҳасиз, қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатларнинг олдини олишга қаратилган самарали воситалардан биридир.
Элчи Жон МакГрегор Ўзбекистон давлатининг "Жаслиқ" қамоқхонасини ёпиш бўйича қарорини юқори баҳолади. "Бу қарор БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлари ва ЕХҲТ мажбуриятлари билан ўзаро мувофиқдир", деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Марказ жазони ижро этиш муассасалари, қамоқхоналар ва махсус ҳибсхоналарни монеликсиз кириб кўриш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Жон МакГрегорнинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг ушбу қарори ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига берилган бу ҳуқуқлар ҳам алоҳида эътирофга сазовордир. "Бундай тадбирлар Ўзбекистон учун жуда муҳим ва аҳамиятли. Мазкур тренинг эса Ўзбекистоннинг қийноқларга қарши курашишга ниҳоятда жиддий муносабатининг яна бир далолатидир", деди Элчи жаноблари.
Тўрт кун давом этадиган машғулотларда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартлар, бу борада барвақт мониторинг жорий этиш каби масалалар кўриб чиқилади. Озодликдан маҳрум этиш муассасаларида мониторинг ўтказиш ва қийноқларнинг олдини олиш бўйича хорижий амалиёт, Ўзбекистонда мониторинг тизимининг ривожланиши истиқболлари атрофлича муҳокама қилинади.
Энг муҳими, озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторингининг асосий прициплари, мониторинг ташрифи босқичлари, шикоятларни ўрганиш юзасидан амалий мулоқотлар ва қизиқарли баҳс-мунозаралар ташкил этилади. Иштирокчиларда мониторинг якунлари бўйича маъруза тайёрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тренинг машғулотларида Марказ ходимлари билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вакиллари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд судьялари, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари вакиллари, шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси, Адвокатлар палатаси, "Стратегия-тараққиёт" маркази фаоллари қатнашмоқда.
Машғулотларни БМТ ва ЕХҲТ халқаро экспертлари, шунингдек, Буюк Британиянинг ушбу соҳа бўйича малакали мутахассислари олиб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.09.2019
- Кўришлар: 6531
- Чоп этиш