Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан чоп этилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлик мажмуаси 15 жилдининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди.
Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган китоб тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Салим Ашур, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, академик Тўра Мирзаев ва бошқалар мустақиллик йилларида юртимизда маданий меросни асраб-авайлашга, ривожлантиришга бўлаётган жиддий эътибор ва бунинг самаралари ҳақида гапирди.
– Конституциямизнинг 49-моддасида “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир” деган қоида мустаҳкамланган, дейди – А.Саидов. – Бугун Асосий қонунимизнинг ана шу нормаси ижроси доирасида яна бир амалий ишга қўл урилди. Яъни, “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” номли 100 жилдлик китоблар туркумининг дастлабки 15 жилди нашр этилди.
Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари – бизнинг ҳам тарихий, ҳам маънавий, ҳам маданий, ҳам ҳуқуқий меросимиздир. Халқ ижоди ўзи нима?
• Халқнинг бадиий, ижодий-амалий ва ҳаваскорлик фаолияти;
• халқ оғзаки бадиий ижоди (фольклор);
• халқ мусиқаси (мусиқа фольклори);
• халқ театри (томоша санъати);
• халқ ўйинлари (рақс);
• қўғирчоқбозлик;
• дор ва ёғоч оёқ ўйинлари (халқ цирки);
• халқ тасвирий ва амалий безак санъати;
• техникавий ва бадиий ҳаваскорлик ижодиёт турлари – шуларнинг барчаси “халқ ижоди” деган ихчам иборада ўз мужассамини топган.
Ушбу анъанавий таърифга мен халқ ҳуқуқ ижодкорлигини қўшган бўлур эдим. Менга қолса, қадимдан халқимизга хос бўлган одат ҳуқуқини ҳам халқ ижоди намуналари қаторида санаган бўлардим.
Нима учун? Чунки халқ ижодкорлигининг маҳсули бўлмиш одат ҳуқуқи нормалари даставвал халқ оғзаки ижоди сифатида юзага келган. Одат ҳуқуқи – оғзаки ҳуқуқдир.
Одат ҳуқуқи — жамиятда узоқ вақт амал қилинавериб, унинг аъзолари учун ўрганиш бўлиб кетган ва давлат томонидан рухсат этилган, лекин қонунлаштирилмаган тартиб-қоидалар (одатлар) мажмуи ҳисобланади.
Одат ҳуқуқи нормалари ижтимоий нормалардан бири бўлиб (ижтимоий нормаларга, шунингдек, ҳуқуқий нормалар, ахлоқий, диний нормалар ҳам киради), кишилар ҳаётида юзага келадиган ижтимоий муносабатларнинг аксар қисмини тартибга солади.
Одат ҳуқуқи ўзининг 2 жиҳати билан, яъни халқнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий мафкураси билан чамбарчас боғлиқлиги; халқ орасида доимий такрорланиб турувчи, аммо ёзилмаган, авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтувчи жамиятнинг асл қонун-қоидалари ила ҳамоҳанглиги билан эътиборлидир.
Одат ҳуқуқи нормалари иш муомаласи одатлари, маҳаллий одат ва анъаналар шаклида намоён бўлади. Ҳозирги кунда одат ҳуқуқи нормалари ҳуқуқнинг алоҳида бир манбаи сифатида эътироф этилмоқда.
Янада аниқ ва тушунарли қилиб ифодалайдиган бўлсак, одат ҳуқуқи нормалари билан халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликлар қуйидагиларда кўринади:
Биринчидан, одат ҳуқуқи нормалари ҳам, халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари ҳам асрлар давомида бевосита халқ томонидан яратилган.
Иккинчидан, одат ҳуқуқи нормалари ҳам, халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари, хусусан, фольклор намуналари ҳам оғзаки шаклда мавжуд бўлган.
Учинчидан, одат ҳуқуқи нормалари ёзма шакллантирилиши натижасида қонун нормалари вужудга келади. Ўз навбатида, халқ оғзаки бадиий ижодига таяниб яратилган ёзма ижод намуналари миллий адабиётни, миллий адабиётлар эса жаҳон адабиётини ўзида намоён этади.
Шу маънода, бугун мамлакатимизда бой ва қадимий меросимизни авайлаб асраш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Маънавий ҳаётимизда катта хайрли ишга қўл урилиб, “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” туркумидаги 100 жилдликни жадал нашр этишга киришилди.
Бу муҳим воқеа, бир томондан, миллий маданиятимиз учун ноёб ҳодиса сифатида ҳар қанча эътибору эътирофга лойиқ. Иккинчи томондан, бу жаҳон маънавий хазинасини бойитиш йўлида қўйилган муносиб ва қутлуғ қадамдир. Чунки, бундай улкан нашрларнинг чоп этилиши халқаро миқёсда олганда ҳам ҳадеганда кузатилавермайди.
Мендаги маълумотларга қараганда, 100 томликнинг 59 китоби достонлардан таркиб топиб, шундан 24 тасини “Гўрўғли” туркуми ташкил этади. Ўн жилди халқ қўшиқлари, ўн икки жилди эртаклардан иборат бўлади.
Термалар, афсона ва ривоятлар, нақллар, латифалар, олқиш ва қарғишлар, болалар ўйинлари, топишмоқлар, мақоллар, аския ва лофлар, оғзаки драма (қўғирчоқ ўйин) алоҳида-алоҳида жилдларга жамланган ҳолда чоп этилади.
Мана шунинг ўзи ҳам фольклор меросимизнинг нафақат ҳажми жуда улканлигидан, балки маъно-мазмуни теран, айни чоғда жанри бўйича ҳам ранг-баранг эканидан далолат беради.
Минг йиллар мобайнида яратилган бу бебаҳо хазина яна неча-неча авлод ўқувчиларига хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилгани ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Ўтмишда ота-боболаримиз, бувижону онажонларимиздан эшитган сеҳрли эртаклар, айниқса, халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Рустамхон”, “Кунтуғмиш” қанчадан-қанча муҳташам достонларимизни энди болаларимиз, невараю эвараларимиз ҳам эмин-эркин мутолаа қилиш имконига эга бўлмоқда.
Куни кеча Президентимиз “Тарбия” фанини яратиш ва ўқитиш ташаббуси билан чиқдилар. Бўлажак янги фаннинг асосини халқ оғзаки ижоди ташкил этиши лозим. Нега деганда, халқ оғзаки ижоди миллий ғоя ва тарбиянинг ҳам асосидир.
Халқ ижодида ватанпарварлик, адолат, миллатпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик, эл-юртни ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат ва муҳаббат каби хислатларни ўзида жамлаган миллий дунёқарашнинг асосий унсурлари ўз мужассамини топган.
Халқ ижоди – миллий ғурур, ор-номус ва қадр-қиммат, вафо ва садоқат, жасорат ва матонат, олижаноблик ва саховатпешалик, бағрикенглик ва ҳалоллик каби фазилатлар сандиғидир.
Шу ўринда бир таклиф: юртимиз бўйлаб ўтказилаётган китобхонлик танловларидан бирини халқ ижоди ёдгорликлари бўйича билимлар синовига бағишлаш лозим, деб ўйлайман.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқи оғзаки бадиий ижоди асарларини тўплаш ва илмий ўрганиш, нашр этиш ва кенг тарғиб этишдек ғоятда савобли ишларга ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган олиму адибларимиз, муҳарриру ноширларимиз, ишбоши-ю мутасаддилар – барча-барча эзгу ниятли инсонларга чуқур миннатдорчилик билдираман, деди пировардида А.Саидов.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.08.2019
- Кўришлар: 6515
- Чоп этиш