Сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг бошқа соҳалари қатори суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар амалий натижасини бермоқда. Ушбу йўналишда янги қабул қилинган қонунлар, жорий этилаётган таъсирчан аниқ механизмлар, тобора кўпайиб бораётган оқлов ҳукмлари – бу каби ижобий омиллар юртдошларимизда адолат, бахтли ҳаёт ва келажакка ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасида эришилаётган самаралар халқаро кўламда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, яқинда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ўзгаришлар, хусусан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш ва одам савдосига барҳам бериш борасидаги ислоҳотларга ижобий муносабат билдирди.
Жорий йилда мазкур соҳада қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўз борганда, авваламбор, БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи юзасидан ўз маърузасини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу маърузада Ўзбекистонда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланган.
БМТ Махсус маърузачиси Президент Шавкат Мирзиёев ўз лавозимини бажаришга киришган пайтидан бошлаб амалга оширган муҳим ишлар қаторида, жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқшуносларнинг ўз касбий фаолиятини янада эркин бажаришини таъминлашга қаратилган ислоҳотнинг 8 та амалий натижасини бирма-бир санаб ўтган.
Биринчи натижа – суд ҳокимияти ва судлар хизматини ташқи сиёсий босимлардан муҳофаза қилиш борасида кенг ваколатларга эга бўлган конституциявий орган сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил этилган.
Иккинчи натижа – суд тизими қайта тузилган, хусусан, Олий хўжалик судига тегишли вазифалар Олий суд тасарруфига ўтказилган, маъмурий ишлар бўйича судларнинг янги тизими яратилган ҳамда Адлия вазирлиги зиммасидаги судлар фаолиятининг маъмурий жиҳатлари билан боғлиқ айрим маъмурий ва техник функциялар Олий суд ҳузурида янги ташкил этилган Судлар фаолиятини таъминлаш бўйича департамент ихтиёрига берилган.
Учинчи натижа – прокурорларга нисбатан муносабатда судьялар мустақиллигининг ўзига хос кўрсаткичи сифатида, жиноят ишлари бўйича оқлов ҳукмлари миқдори изчил ортиб бормоқда.
Тўртинчи натижа – судьялик лавозимларига номзодларни саралаш ва тайинлашнинг янги тартиб-таомиллари жорий этилган;
Бешинчи натижа – судьялар алмаштирилмаслиги кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўрилган.
Олтинчи натижа – судьяларни бирламчи ва узлуксиз тайёрлаш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган, шу жумладан, Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби очилган.
Еттинчи натижа – судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларини осонлаштириш ҳамда бу борадаги шаффофликни оширишга қаратилган электрон тартиб-таомиллар босқичма-босқич татбиқ этилмоқда.
Саккизинчи натижа – коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсат соҳасида бир қатор жуда муҳим ислоҳотлар амалга оширилган, хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган ва бундай чораларни амалга ошириш учун таъсирчан механизмлар яратилган.
Д. Гарсия-Саяннинг фикрича, ушбу чора-тадбирларни том маънода мустақил ва холис одил судлов тизимини барпо этиш йўлидаги дастлабки қадамлар деб ҳисоблаш лозим. БМТ Махсус маърузачиси суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ҳақиқатан ҳам мустақил бўлишига эришиш борасида бир қатор тавсиялар ҳам берган.
Эътиборли жиҳати шундаки, суд-ҳуқуқ тизимининг навбатдаги босқичида биз белгилаб олган янги вазифаларнинг моҳияти БМТ Махсус маърузачисининг бу борадаги фикрлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Биз бу ўринда, хусусан, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни назарда тутаяпмиз. Фармонда белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизда одил судловни тўла таъминлашга қаратилгани бежиз эмас.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида юз бераётган ижобий ўзгаришларга маҳлиё бўлиб, олдимизда турган муҳим ишлардан чалғиб қолмаслигимиз керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, "халқимиз суд-ҳуқуқ тизимидан рози, дейишга ҳали эрта".
Кейинги даврда суд-тергов амалиётини таҳлил қилиш ва фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижалари жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлигидан, шунингдек қонунчиликда жиноят ишларини тергов қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатларини аниқ белгилаш билан боғлиқ бўшлиқлар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Шу боис жорий йил 10 августда давлатимиз раҳбари томонидан "Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатни тасдиқлашдан мақсад - мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштиришдир.
Фармонга асосан халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:
Биринчидан, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, суд-тергов фаолияти сифатини ошириш, жиноят процессида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш билан бирга, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ҳамда шахс, жамият ва давлатга етказилган зарар тўлиқ қопланишини таъминлаш;
Учинчидан, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш;
Тўртинчидан, жиноят ишларини тергов қилиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жумладан, “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимини ҳамда айрим тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишни таъминлаш.
Шунингдек, прокурор-криминалист лавозимини жорий қилиш, тергов соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасасини ташкил этиш орқали суриштирув ва дастлабки тергов органларининг кадрлар салоҳиятини ошириш;
Бешинчидан, жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қонунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш.
Шунингдек, Президентимиз жорий йил 22 июнда имзолаган Фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида 53 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш, 37 та чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда 8 та халқаро шартномани ратификация қилиш – жами 98 та ҳужжат устида изчил иш олиб бориш белгиланган.
Хусусан, суд фаолиятига оид 5 та Кодекс, яъни Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Жиноят-ижроия кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги таҳрирда ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Судьялар ҳамжамияти органларининг ҳуқуқий асослари ҳам шакллантирилади. Шунингдек, "Адвокатура ва адвокатлик фаолияти тўғрисида" ҳамда "Бепул юридик ёрдам тўғрисида"ги янги қонунлар ишлаб чиқилади.
Ушбу Фармонни қабул қилиш вазифаси дастлаб Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўзда тутилганди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми имзоланган тарихий кун арафасида тасдиқланганида ўзига хос рамзий маъно бор.
Биринчидан, БМТ Низомининг 1945 йил 26 июнь куни имзолангани жаҳон жамоатчилиги учун қанчалик улкан тарихий аҳамият касб этган бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси халқимиз учун шунчалик муҳим тарихий қимматга эгадир.
Иккинчидан, БМТ Низомида акс этган халқаро принцип ва нормалар ер юзидаги инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигига таянади. Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тавсия этилган.
Шу биргина далилнинг ўзиёқ, фикримизча, Миллий стратегияда белгилаб берилган вазифалар ҳам глобал ҳамкорлик принципига таянишини яққол англатиб турибди.
Учинчидан, БМТ Низоми инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида глобал қўллаб-қувватланган биринчи ҳужжатдир. Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларда белгилаб берилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона ва мувофиқлаштирувчи сиёсатнинг самарали воситаси бўлишига шак-шубҳа йўқ.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг мақсади – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдир.
Фармон билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясидан ташқари яна иккита муҳим ҳужжат ҳам тасдиқланди.
Булардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” бўлса, иккинчиси – БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом ҳисобланади.
Содда қилиб айтганда, Миллий стратегияда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Ишончимиз комилки, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.
Шу йил 12-13 август кунлари бўлиб ўтган ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми нафақат мамлакатимиз ва минтақамиз, балки бутун сайёрамиз ёшларининг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Халқаро анжуманда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. Ҳужжатда, жумладан, ёшлар ҳуқуқлари - ҳар ким фойдаланиши зарур бўлган, аммо айримлар ёшининг кичиклиги туфайли бундай имкониятдан маҳрум этилган ҳуқуқлар экани қайд этилган.
Самарқанд резолюцияси ҳозирги замон давлатларининг ривожланиши билан боғлиқ барча жараёнларда ёшларни янада кенг жалаб этиш зарурлигини ҳар томонлама тасдиқлашга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг муҳим жиҳатларидан яна бири шуки, мазкур халқаро анжуман ишида 30 дан ортиқ Ўзбекистон ёшлар ташкилотлари вакиллари мамлакатнинг барча ҳудудларидан туриб иштирок этдилар.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида янги ташкил этилган Ёшлар парламентлари вакилларининг фаоллигини алоҳида таъкидламоқчимиз.
Юртимизда кейинги даврда тузилган ёшлар ташкилотлари ҳақида сўз борган экан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилганини ҳам қайд этиш ўринлидир.
Преизидентимиз жорий йил 29 майда имзоланган "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишларини белгилаб берилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли ҳар бир шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини англаши, «Мен - эркин инсонман» деган туйғуни теран ҳис этиб яшаши учун кенг имкониятлар яратмоқда. Зеро, мустақиллик - бу ҳуқуқ. Мустақиллик инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омилидир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ва шиддатли ислоҳотлар Конституция устуворлиги, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим тарихий қадамлар бўлиб, мамлакатимизда одил судловни тўла таъминлашга хизмат қилади.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 21 август)
- Қўшилди: 21.08.2020
- Кўришлар: 4954
- Чоп этиш