Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар,маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М. Кадирханова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова номига сенатор сўрови юборди.
Сўров мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган.
Сенатор таъкидлаганидек, қабул қилинган қонунлар ва чораларига қарамай, сўнгги йилларда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ошиб бормоқда.
Статистик маълумотларга кўра 2025 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 48 303 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 121 фоизга кўпдир.
Энг кўп ҳолатлар Тошкент вилоятида (9 414 та), Бухоро (5 612 та), Қашқадарё (5 268 та) ва Андижон вилоятларида (4 808 та) қайд этилган. Шу даврда 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордерлари берилган.
Сенатор сўровида Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тазйиқ ва зўравонликка олиб келувчи сабабларни аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 13.08.2025
- Кўришлар: 176
- Чоп этиш