(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 7-мақола)
“Мактаб директори лавозимида ишлаб келиб, давлат ва жамият манфаатларига зарар етказганлиги учун жиноят содир этганликда айбдор деб топилсин, 2 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам иш ҳақининг 110 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлансин”.
Тошкент шаҳар Олмазор туман суди томонидан чиқарилган бу ҳукмни эшитган 146-сон умумий ўрта мактаб директори Зурият Аҳмедова додини кимга айтишни билмасди. Кимларнингдир туҳматлари ҳақиқат деб баҳоланиши, терговчилар томонидан қилмаган ишини қилган деб расмийлаштирилиши, туман судининг ўзига қўйилган айбларнинг ҳаққонийлигини синчиклаб ўрганмасдан ҳукм чиқарганлигини қандай исботлай олсин?
Зурият Аҳмедованинг шундан кейин ҳақиқат излаб турли идораларга аризаларига жавоб деярли бир хил эди: “жабрланувчи судда кўриб чиқилган ишлар бўйича назорат тартибида юқори инстанция судига шикоят қилиши мумкин”. Аммо Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ҳам туман судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Ниҳоят айби йўқ “айбдор” Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга мурожаат қилишга журъат этди. Марказнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг бошлиғи Отабек Норбоев аризачи мурожаатида баён этилган далиллар билан танишар экан, амалдаги қонунчилик талаблари асосида исботланиши зарур бўлган барча ҳолатлар ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилмаганлиги, иш бўйича судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларига ҳамда дастлабки тергов давомида тўпланган ҳужжатларга етарли даражада баҳо берилмаганлигига амин бўлди.
Масалан, директор устидан ёзилган аризада гўёки мактабда ишламаган ходимлар ишлайди сифатида расмийлаштирилиб, уларнинг маошлари ўзлаштирилган деб даъво қилинган. Аммо аслида бу масала бўйича тушунтириш хатлари бошқа ручкада ёзилиб, аризачига имзо қўйиш жойи белги билан кўрсатилган ва кейинчалик имзоланган.
Текширувчи аризадаги важларни мустаҳкамлаш учун 21 одамни сўроқ қилиб, ўзи томонидан тузилган далолатномага уларни ариза муаллифлари деб киритган. Энг асосийси – далолатномада ишламаган деб кўрсатилган ходимлар мактабда ишлаб келган ва маошларини ўзлари имзо чекиб олишган.
Умуман Зурият Аҳмедовага нисбатан жиноят иши қўзғатишга Назорат-тафтиш бошқармаси ходимларининг мактабда бюджет маблағлари ўзлаштирилганлиги тўғрисидаги текшириш далолатномаси асос қилиб олинган. Бироқ ушбу далолатнома қонун талабларига зид равишда тузилган. Энг аввало, Назорат-тафтиш бошқармаси зиммасига бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчиларнинг меҳнат муносабатларига доир ишларини назорат қилиш вазифаси юклатилмаган.
Шу сабабли улар бюджет ташкилотлари ходимларидан меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тушунтиришлар талаб қилишлари мумкин эмасди. Тафтишчилар бунинг устига ўз далолатланомаларида кўрсатилган камчиликларни ишончга сазовор бўлган молиявий ва бошқа тегишли ҳужжатлар билан тасдиқламасдан, мактаб ўқитувчи ва ходимларини таниш-танимасликлари ҳақидаги тушунтиришларига асосланган ҳолда ноқонуний иш ҳақлари тўланган деган хулоса чиқаришган.
Айбловда тўлов ведомостларига сохта имзолар қўйилганлигининг хатшунослик экспертизаси кўрсатилган бўлса ҳам ушбу имзо эгалари маошларини ўзлари имзо қўйиб олганликларини кўрсатганлар ва нима учун экспертиза бундай хулоса чиқарганлигидан таажжубланган. Шунингдек, хатшунослик экспертизасида ведомостларга бошқаларнинг ўрнига айнан мактаб директори имзо қўйганлигига ҳам аниқлик киритилмаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ходимлари аризачининг мурожаттини ўрганиб чиқиб, Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди ва Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ажримининг Зурият Аҳмедовага оид қисми амалдаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда чиқарилган деган хулосага келди. Улар бу ҳолатда суд ҳукмини қонуний, асосли ва адолатли бўлмайди деб ҳисоблашди.
Шунинг учун Миллий марказ инсон ҳуқуқларига амал этилишини назорат қилиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколатидан келиб чиққан ҳолда адолатни тиклаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига Зурият Аҳмедова иши бўйича мурожаат қилди.
2019 йил 19 мартда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг ажрими билан жиноят аломатлари бўлмаганлиги ва жиноят юз бермаганлиги сабабли Олмазор туман судининг Зурият Аҳмедовага оид қисми бекор қилинди. Айни пайтда унга мулкий, маънавий ва бошқа зиёнини қоплаш масаласида даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Ҳа, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклай олиши ва адолат албатта қарор топиши шарт.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 02.01.2020
- Кўришлар: 4981
- Чоп этиш