ННТлар хорижий манбалардан олган маблағлари тўғрисида ахборот эълон қилиши белгиланмоқда

Амалдаги қонунчилигимизда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда жамоатчилик назорати натижаси бўйича давлат органларига киритилган якуний ҳужжатни белгиланган муддатда кўриб чиқмаслик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари ўрнатилмаган.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдорлари юқорилигича сақланиб қоляпти. Бу эса фуқаролик жамияти институтларининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан жамоатчилик назорати натижаси бўйича давлат органларига киритилган якуний ҳужжатни белгиланган муддатда кўриб чиқмаслик учун мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарликни белгилаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ундирувларни ўртача тўртдан бир қисмига камайтириш белгиланмоқда. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинган мазкур ҳужжат бўйича депутат Н.Тилаволдиев батафсил маълумот берди. Унинг айтишича, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик олдида фаолияти шаффофлиги ва ҳисобдорлиги ошириляпти. Яъни, нодавлат нотижорат ташкилотлар хорижий манбалардан олган пул маблағлари ва мол-мулк ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисидаги ахборотни жамоатчиликка эълон қилиши назарда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, лойиҳада ҳомийлик ва хайрия фаолиятининг манзиллилигини таъминлаш, жамоат фондлари фаолиятига аҳолининг ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ёхуд фирибгарлик жиноятларини содир этгани учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар томонидан жамоат фондлари ташкил эта олмаслиги акс этмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech