Ногиронликни белгилаш мезонлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши мумкин

Бугунги кунда республикамизда ногиронлиги бўлган шахслар томонидан бепул фойдаланиш мумкин бўлган 631 та спорт объекти белгиланган.

Аммо бу спорт мажмуаларининг барчаси ҳам инклюзив муҳит ва спорт мураббийси билан таъминланмаган. Бу эса ушбу тоифадаги шахсларнинг мунтазам спорт билан шуғулланишига имкон бермайди. Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиблар асосида спорт объектларидан фойдаланиш йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.  

Бу каби тартиблар “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.  

Қонунчилик палатаси мажлисидаги ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари С.Абдуллаев лойиҳада педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини чиқариб ташлаш орқали 18 ёшгача бўлган болани ногиронлиги бўлган бола деб топиш Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланаётганини қайд этди. 

 Таъкидланганидек, Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни кўрикдан ўтказишни йигирма календарь кунидан кечиктирмай амалга оширилиши, шунингдек, ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмлари, шу жумладан шахсни тиббий-ижтимоий экспертизага юбориш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутиляпти. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилиши, давлат мулки бўлган спорт объектлари ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун истисноларсиз тақдим этилиши белгиланмоқда.  

Мажлисда бир қатор саволлар кўтарилди. Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ногиронликни белгилаш мезонлари ва механизмларини соддалаштириш, ушбу тоифадаги шахсларга ижтимоий ёрдам давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатилишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хил ёндашув шаклланишига хизмат қилади.  

М.Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech