Ўтган йил мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида янгиликларга бой йил бўлди. 2019 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори қабул қилингани бу фикрнинг яна бир тасдиғидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилояти ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган ижодий учрашувда соҳада ўтган даврда эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларга ечим топиш йўллари муҳокама қилинди.
Мулоқот Марказнинг «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акцияси доирасида ташкил этилди.
Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг мақсади ва вазифалари белгилаб берилган. Бугунги кунда шу асосда, ахборот-коммуникация технологиялари ва замонавий умумжаҳон тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлашга доир замонавий талаблардан келиб чиқиб, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш янги босқичга кўтарилди. Ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда.
Жойларда кутубхоналар учун янги бино ва иншоотлар қурилмоқда, мавжуд бинолар реконструкция қилиниб, замонавий ускуналар билан таъминланмоқда. Кутубхона соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида хусусий ва электрон (виртуал) кутубхоналар тармоғини ривожлантириш йўлга қўйилмоқда.
Кутубхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш, шу жумладан, пулли хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш учун электрон китобларни тарқатиш, интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ахборот-кутубхона муассасалари хавфсизлигини ҳамда миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида ахборот-кутубхона фондлари сақланишини таъминлаш доимий эътиборда турибди.
Жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишни кучайтириш, ўқиш маданиятини ошириш ва тарғиб қилишда кутубхоналарнинг аҳамияти беқиёсдир. Шу маънода, соҳанинг бошқа муаммолари қаторида ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Вилоят марказий кутубхонаси қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилиниб, Марказ томонидан беғараз асосда 100 та китоб тақдим этилди. Шунингдек, академик А.Саидовнинг янги илмий-ижодий асарлари совға қилинди.
– Кутубхонамиз фондида 400 мингга яқин адабиётлар иборат, – деди Сайидо Насафий номидаги Қашқадарё вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Клара Дўсёрова. – Ушбу маърифий жамғармамиз 2020 йил бошидан янги нашрлар билан янада бойитилди. Бунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг қўшган ҳиссаси учун миннатдормиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.01.2020
- Кўришлар: 4709
- Чоп этиш