Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 4 январь куни Қашқадарё вилояти Касби тумани 11-сонли мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар жамоаси билан учрашди.
Ушбу мактабнинг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотлар амалга оширишга йўналтирилган давлат ихтисослашган махсус умумтаълим таянч мактаби” деб номланиши бежиз эмас. Бу таълим масканида турли фан соҳалари бўйича кўплаб иқтидорли болалар таҳсил олади. Уларнинг орасида миллий фан олимпиадалари ва халқаро мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар анчагина.
Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида билимли болаларни аниқлаб, чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш, талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилаётгани муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида сўз борди. Бу, шубҳасиз, кейинги уч йилда мамлакатимизда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида бошланган мислсиз ислоҳотларнинг ўзига хос самараларидандир.
Аввало, мактабгача таълим тизими ривожлантирилиб, пойдевор мустаҳкамланди. Ўқув даргоҳларига, педагогларга эътибор кучайди. Олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Бу тизимларни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича концепциялар ишлаб чиқилди.
Президентимиз 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимизда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилгани ҳақида тўхталиб, ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ёшларимизни шундай билимли мутахассислар этиб тарбияласак, оиласига, давлатга нафи тегади. Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса – ёшлардир.
Марказнинг «Инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш – бугунги ислоҳотлар талаби» мавзуидаги маърифий-ҳуқуқий акцияси доирасида Касби туманидаги 11-сонли мактабда ўтказилган мулоқот якунида мазкур таълим маскани қошида “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” ташкил қилинди.
Марказ томонидан кутубхонага беғараз асосда 100 та китоб тақдим этилди. Шунингдек, академик А.Саидовнинг янги илмий-ижодий асарлари совға қилинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.01.2020
- Кўришлар: 4819
- Чоп этиш