Очиқлик индексида қандай натижалар қайд этилди?

Очиқликни таъминлаш – коррупциянинг олдини олишнинг зарурий шартларидан бири. Шу боис, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик қандай таъминланаётгани бегиланган мезонлар асосида ўрганиб борилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий этилган Очиқлик индекси  давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш, жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш, жамоатчилик кенгашининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш каби мезонлар асосида аниқланади. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан маълум қилишларича, очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси идора ва ташкилотларнинг шу йўналишдаги фаолиятини ўрганди. 

Баҳолашда ўтган йилга нисбатан «яшил» тоифада баҳоланган давлат идоралари кўлами 21 фоизга кўпайиб, «қизил» тоифадагилар 15 фоиз (ижобий ўсиш кўрсаткичлари бўйича)га камайгани маълум бўлди. 

Энг юқори самарадорлик кўрсаткичларини “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти (91 балл), Солиқ қўмитаси (90 балл), «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти (89 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти (89 балл) қайд этган. 

Энг юқори ижобий ўсиш “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти (+42 балл), Транспорт назорати инспекцияси (+46 балл), Спорт вазирлиги (+47 балл), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (+52 балл) томонидан қайд этилган.

Очиқлик индекси 84 баҳолаш мезонидан таркиб топган 8  индикатор асосида шакллантирилади. Бу йилги баҳолашда жами 98 та республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди.

Баҳолаш натижаларига кўра, 50 давлат органи «яшил», 35 таси «сариқ» ва 13 таси «қизил» самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.

Эътироф этиш керакки, Очиқлик индекси фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech