Одам савдоси энг жирканч ва оғир жиноятлардан бири бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини поймол қилади, ҳаёти ва келажагига таҳдид солади. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича юз минглаб инсон турли ваъдалар, алдовлар ёки мажбурлаш орқали меҳнат ва жинсий эксплуатация қурбонига айланар экан. Халқаро миграция ташкилоти таҳлилларига кўра, ҳар учинчи жабрланувчи бола, ҳар бешинчи киши эса халқаро транзит орқали савдо қурбонига айланади ҳамда жабрдийдалар орасида кўп ҳолларда аёллар, болалар ва меҳнат муҳожирлари устунлик қилади.
Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Биз одам савдосига қаршимиз!” ҳуқуқий тарғибот ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказида “Одам савдосига қарши курашда ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Халқаро миграция ташкилоти маслаҳатчилари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари, партия вакиллари, Ички ишлар вазирлигига қарашли одам савдосига қарши курашиш бўйича кичик комиссия мутахассислари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси масъуллари, Реабилитация маркази раҳбарияти, “Истиқболли авлод” ННТ ва бошқа жамоатчилик органлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосининг олдини олиш, жабрдийдаларни тезкор аниқлаб, самарали реабилитация қилиш орқали жамиятга қайтариш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мазкур иллатга қарши курашишдаги истиқболли ечимлар ва янгича ёндашувлар муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида Марказ директори Муқаддам Расулова одам савдоси оқибатларини бартараф этишда тузилманинг асосий вазифалари, жабрдийда шахслар билан ишлашдаги ёндашувлари, психосоциал ёрдам механизмлари ва уларнинг реабилитация жараёнидаги самараси ҳақида маълумотлар берди:
— Реабилитация марказимиз Ўзбекистонда мазкур тоифадаги шахсларга мўлжалланган ягона давлат муассасаси бўлиб, бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида фаолият юритмоқда. Марказнинг асосий вазифаси — одам савдосидан жабрланган ва жабрланган деб ҳисобланган шахсларга ижтимоий, психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни жамиятга қайта мослаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш, шахсий ҳужжатларни тиклашда кўмаклашиш ва барча хизматларни шахсий махфийлик тамойили асосида амалга оширишдан иборат. Марказ 30 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча хизматлар бепул тақдим этилади. Жабрдийдаларга икки кишилик хона, дам олиш ва овқатланиш хоналари, уч маҳал иссиқ овқат, турар жой шарт-шароитлари билан таъминланган муҳит яратилади. Шу билан бирга, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам, профессионал психолог маслаҳати, ҳуқуқий ва ижтимоий хизматлар ҳам кўрсатилади. Марказда қолиш муддати одатда 30 кунни ташкил этади, зарурат туғилганда 3 ойгача узайтирилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, одам савдосининг олдини олиш фақат қонуний чоралар билан эмас, балки кучли ижтимоий ҳамкорлик, маърифий иш олиб бориш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш билан ҳам боғлиқдир. Шундай экан, бу иллатга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришимиз муҳим аҳамият касб этади, — деди Марказ директори.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова партия томонидан ўтказилаётган “Биз одам савдосига қаршимиз!” ойлиги доирасида амалга оширилган ишлар, тарғибот тадбирларига алоҳида тўхталди. Одам савдосига қарши курашиш фақатгина жазо чораларини кучайтириш билан чекланмаслиги, бунда жамиятда ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий онгини юксалтириш зарурлигини таъкидлади. Мазкур йўналишдаги қонунчилик, ижтимоий ҳимоя, реабилитация ва ёрдам ишларини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш партия ва депутатлик бирлашмаларининг диққат эътиборида бўлишини қайд этди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар Марказ фаолияти, унинг имкониятлари ва кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 25.07.2025
- Кўришлар: 207
- Чоп этиш