Оилавий низоларга оид суд ишларида аёллар, болалар ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига эътибор қаратилади

2025 йил 9 апрелдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун амалиётда қандай қўлланилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Ойбек Қодиров шу бўйича ҳамда оила институтининг жамиятда тутган ўрни ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди: 

– Оилани мустаҳкамлаш, уни муқаддас даргоҳ сифатида эъзозлаш каби фазилатлар халқимизга азалдан хос бўлиб, бу оиладаги фаровонлик муҳити барқарор бўлишига хизмат қилади. 

Янги Ўзбекистон сиёсатида оиланинг фаровонлигига, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари камситилмаслигига, оилада эр-хотин маънавий баркамол, жисмоний соғлом ёш авлодни тарбиялаши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Конституциянинг 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади. 

Оила кодексида ҳам оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича нормалар белгиланган. 

Судлар оилани сақлаб қолиш, эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдириб, эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган муҳлат тайинлашга ҳақли.

Бироқ, шундай ҳолатлар ҳам бўладики, эр-хотин ўртасида муносабат батамом барбод бўлган, улар узоқ йиллардан буён бирга яшамайди, бошқа-бошқа оила қуриб, фарзандли ҳам бўлишган ёхуд кўп йиллар мобайнида фарзанд кўра олмаганликлари оқибатида бошқа оила қуришга қарор қилишган. Ёки оиладаги бошқа кескин ихтилофлар туфайли бир-бирини кечириб бўлмайдиган вазиятга келиб қолишади. Шунда, судлар ишдаги мақбул далиллар ва яраштириш комиссиясининг хулосасига асосан эр-хотинга муҳлат тайинламасдан ҳам никоҳдан ажратади.

Афсуски, жамиятда аёлларнинг оилавий (маиший) зўравонликка учраш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка оилавий (маиший) зўравонликни содир қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. 

2025 йил 9 апрелдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Оила кодекси ва Уй-жой кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар белгиланди. Жумладан, эндиликда никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди. 

Бундан ташқари, қонун билан Уй-жой кодексининг 32-моддаси тўлдирилди. Чунончи, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда, суд тарафларнинг келишувига асосан, мулкдорнинг ташаббусига кўра, турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкин.

Албатта, ушбу норманинг амалиётга жорий этилиши тазйиқ ва оилавий зўравонлик ҳолатлари мавжуд бўлган оилаларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир бўлишининг олдини олади. Хусусан, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга, турар жой масалаларини қонуний ҳал қилишга хизмат қилади.

Мазкур қонун қабул қилинганидан кейин Олий суд раҳбариятининг ташаббусига кўра, Олий суд пленумининг айрим қарорларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳам белгиланди.  

Судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бир хилда қўлланилишига эришиш мақсадида пленум қарори лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган ишчи гуруҳнинг бир аъзоси сифатида мазкур қонундаги янги нормалар жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган оилаларни мустаҳкамлашга, уларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги даражасини оширишга, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Зеро, асосий мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлаш, уларда ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш, соғлом муҳитни вужудга келтириш, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини қўриқлаш, вояга етмаган болаларни ҳимоялашдан иборат. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech