Мажбуриятдан ҳаракатга: Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича стратегия ва миллий истиқболлар

Бугун пойтахтимизда “Мажбуриятдан ҳаракатга: Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича стратегия ва миллий истиқболлар” мавзусидаги конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ва Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда давлат идоралари раҳбарлари, суд-ҳуқуқ тизими, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ходимлари, ёшлар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидаги хорижий давлатлар элчилари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам беришга қаратилган халқаро “Богота ҳаракатлар чақириғи” ташаббусига содиқлигини расман тасдиқлади. Ушбу қадам сўнгги икки йил давомида мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган кенг қамровли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Жумладан, 15 майдан кучга кирган “Болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Анжуманда Сенат Раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади: “Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш жамиятнинг бошқа қатламларига бўлган бошқа зўравонликни ҳам бартараф этишга ҳамда пировард натижада инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатлари сўзсиз таъминланишига олиб келаётганининг ҳамма гувоҳи бўлмоқда”.

Бундан ташқари, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этган БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажат Маала бутун дунё парламентларини зўравонликка қарши қонунчилик саъй-ҳаракатларини  бирлаштиришга чақирди: “Бундан кейин ҳам, парламентлар, ҳукуматлар, нодавлат ташкилотларининг фаолиятида, шунингдек, минтақавий ва халқаро платформаларда ушбу масалани доим илгари суришимиз лозим”.

Тадбирда сўзга чиққан ЮНИСEФ ижрочи директори Кэтрин Рассел Ўзбекистоннинг болалар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолаб, 2025–2035 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли стратегия ва ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши муҳим босқич бўлишини алоҳида таъкидлади. Мазкур стратегия зўравонликка қарши курашишда тизимли ва барқарор ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Pathfinding Global Alliance – Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш йўлларини излаш глобал иттифоққа қўшилиб, Марказий Осиё давлатларини болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда янада фаол ҳамкорликка чақирди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева ўз нутқида: “Барча болажонларни ёвузликлардан асраш – биз эришишимиз лозим бўлган энг олий мақсад. Зулмга барҳам бериш – фақатгина ҳуқуқий эмас, инсоний бурчимиздир! Чунки болаларнинг бегонаси бўлмайди. Болалар азобининг ҳам! Бугун болажонларимизнинг овозини тинглай олиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Биз барчани “митти қалбларнинг катта оғриқлари”га қулоқ солиш, уларга гапиришга имкон беришга чорлаймиз!” – дея қайд этди.

Тадбир доирасида болаларни ҳимоя қилишга қаратилган кўп тармоқли стратегия ва Миллий ҳаракатлар режасининг тақдимоти, “Ҳаққим бор” номли қисқа метражли фильм намойиши ҳамда “Богота ҳаракатлар чақириғи” доирасидаги Миллий мажбуриятларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қатъий сиёсий иродаси, халқаро ҳамкорликка тайёрлиги ва миллий даражадаги кенг қамровли ислоҳотларни давом эттиришга содиқлигини яна бир бор намоён этди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: