Ўтган етти йилда мамлакатимизда университетлар сони 219 тага етди

Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўрганилган таҳлил натижаларида маълум қилинди.

Унга мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистонда 72 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида уларнинг сони 219 тага етган. Бу 304 фоизлик ўсишни ташкил этади. Шу жумладан, хорижий олий таълим муассасалари сони ҳам қарийб 4,5 баробарга кўпайиб, 31 тага етган. 

Қўшни мамлакатларда 2024 йил ҳолатига кўра, Қозоғистонда 113 та, Қирғизистонда 61 та, Тожикистонда 27 та ва Туркманистонда 23 та олий таълим муассасаси фаолият юритади. 

Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро рейтинглардаги иштироки кенгаймоқда. 2025 йилда мамлакатимиздаги 23 та олий таълим муассасаси QS халқаро рейтингининг Марказий Осиёдаги энг яхши университетлар рўйхатига киритилди. 

“Times Higher Education Impact Rankings” 2024 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистондаги 53 та олий таълим муассасаси ушбу глобал рейтингда қайд этилган. Улардан 7 таси “Топ–1000” университетлар қаторига киритилган. Қозоғистонда бу кўрсаткич 26 та, улардан 3 таси “Топ-1000”да жой олган.

2024/2025 ўқув йили бошига келиб, 18-23 ёшли аҳоли ўртасида олий таълим билан қамраб олиш 47,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 8,3 фоиз бўлган. 2024 йилда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони 12,5 минг нафарга етди. 2017/2018 ўқув йилида бу кўрсаткич 1,3 минг нафарни ташкил этган. Бу 9,6 баробар ўсиш демакдир. Талабалар орасида Ҳиндистон (6 502), Туркманистон (1 430), Покистон (1 250) ва Россия (732) фуқаролари кўпчиликни ташкил этмоқда. 

2024 йилда талабалар учун 27,3 минг ўринли турар жойлар қурилди. Уларни жойлаштириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, онлайн банд қилиш имконияти яратилди. 

Олий таълим муассасаларидаги ўқитувчилар сони ҳам ошган. Агар 2017/2018 ўқув йилида улар 25,1 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2023/2024 ўқув йилида бу кўрсаткич 45,4 минг нафарга етди. Шу жумладан, профессорлар сони 1 078 нафардан 2 074 нафарга, доцентлар сони эса 4 091 нафардан 7 108 нафарга ошган. 

2024 йилда 7 та олий таълим муассасасининг 39 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтди. Бу дастурлар бўйича берилган дипломлар бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинади. 2025 йилда халқаро аккредитациядан ўтган таълим дастурлари сонини 45 тага етказиш режалаштирилган. 

Президентнинг 2022 йил 7 мартдаги фармонига мувофиқ, давлат олий таълим муассасалари магистратурасида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Шу мақсадда ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратиш белгиланган. 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech