Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
Ўттиз тўрт йил, бу – нафақат яқин тарихимиздаги улкан босқич, балки Янги Ўзбекистоннинг пойдевори мустаҳкамланган, иқтисодий ва сиёсий мустақиллик амалда таъминланган даврдир.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз тарихнинг энг масъулиятли бурчагида турибмиз” ва бу бурч ҳар биримиздан фаоллик, янгича фикрлаш ва ватанпарварликни талаб этади.
Бу йил Ўзбекистон давлат мустақиллиги эълон қилинганига ўттиз тўрт йил тўлади. “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорида таъкидланганидек, мазкур сана – тарихий хотирани асраш, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва истиқлол ғояларини авлодлар қалбида мустақиллик мадҳиясига айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги ўттиз тўрт йил, айниқса, охирги саккиз йил, мамлакатимиз ҳаётида туб бурилишлар ва кенг кўламли ислоҳотлар даври бўлди. Янги Ўзбекистон концепцияси изчил татбиқ этилди: давлат бошқарувини модернизация қилиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, ташқи сиёсатда диверсификация ва қўшни давлатлар билан дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича йирик қадамлар амалга оширилди.
Янги имкониятлар…
Мамлакатимизда иқтисодий соҳада бозор механизмларини эркинлаштириш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ривожлантиришга қаратилган кенг ислоҳотлар амалга оширилди. Солиқ тизими соддалаштирилиб, инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида хорижий капитал учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Энергетика, транспорт ва инфратузилма соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилиб, мамлакатнинг минтақавий логистика марказига айланишига замин яратилди.
1991 йилда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 11 миллиард АҚШ доллари бўлган, 2024 йилда бу кўрсаткич илк бор 110 миллиард доллардан ошиб, 10 бараварга ўсди. “Яшил иқтисодиёт” ва муқобил энергия манбалари бўйича дастурлар жадал ривожланди. 2023-2024 йилларда Навоий, Бухоро ва Жиззахда қуввати 2,5 ГВт.дан ортиқ қўшма фотоэлектрик станциялар ишга туширилди. Нефть-газ секторида модернизация ишлари олиб борилиб, газ-кимё ва нефтни қайта ишлаш соҳаларида хорижий инвестициялар ҳажми 15 миллиард доллардан ошди.
Инсон қадри...
Дарҳақиқат, янгиланган Конституцияда инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланди. 2017-2024 йилларда 2,2 миллионта янги иш ўрни яратилди, камбағаллик даражаси сезиларли даражада пасайди. Ижтимоий ёрдам тизимида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар” орқали 3,5 миллиондан зиёд фуқарога моддий ва ҳуқуқий кўмак берилди. Мамлакатда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия эркин фаолият юритмоқда. 2024 йилда Ўзбекистон халқаро Interfaith Harmony индексида юқори ўринни эгаллади.
Ижтимоий соҳада аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Янги университетлар, касб-ҳунар марказлари ва замонавий клиникалар фаолияти йўлга қўйилди.
Таълим ва илм-фан...
Сир эмаски, 1991 йилда мактабгача таълим қамрови 20 фоиз бўлса, 2017 йилда 27 фоизга, 2024 йилда эса 77 фоизга етди. Бу натижалар 6 500 дан зиёд янги боғча ва мактабгача таълим муассасаси қурилиши, шунингдек, хусусий секторнинг фаол иштироки туфайли амалга ошди.
Олий таълим қамрови 1991-2017 йилларда 7-9 фоиз даражасида бўлса, 2024 йилда 42 фоизга етди. 2017 йилдан буён олий таълим муассасалари сони 77 та бўлиб, бугун 200 дан ошиб кетди, жумладан, 33 та хорижий университет филиаллари очилди.
Илм-фан соҳасига давлат бюджети улуши 2017 йилда ЯИМнинг 0,13 фоизидан 2024 йилда 0,8 фоизга кўтарилди. Фанлар академияси ва илмий институтлар модернизация қилиниб, янги илмий натижалар қўлга киритилмоқда.
2017-2024 йилларда “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” шиори доирасида ёшларга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилди. Бу даврда 1,5 миллион ёш IT технологияларига ўқитилди, 500 минг ёш ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. “Ёшлар дафтари” орқали имтиёзли кредитлар ва грантлар берилди, таълим, касб-ҳунар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилди. Бу чоралар ёшларни Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантиришга хизмат қилмоқда.
“Париж – 2024” Олимпиадаси ва Паралимпиадасида Ўзбекистон спортчилари илк бор кучли 15 та давлат қаторига кирди. Футбол бўйича U-17 ўсмирлар терма жамоаси ҳамда миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига йўлланма олди, бу – мамлакат тарихида биринчи марта содир бўлди.
Халқаро ҳамкорлик...
Ўзбекистон сўнгги йилларда ташқи сиёсат соҳасида очиқлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тинчликпарварлик тамойилларига асосланган йўлни изчил давом эттирмоқда.
Мамлакат Марказий Осиёда интеграция жараёнларини фаол қўллаб-қувватлаб, қўшни давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида сезиларли натижаларга эришди.
2017-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 бараварга ошди. Ўзбекистон халқаро миқёсда ҳам фаол иштирокчи сифатида танилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби нуфузли тузилмалар доирасида қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Жумладан, БМТ минбарида Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш ва трансчегаравий хавфсизлик масалалари бўйича таклифлар билдирилди.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги фаолияти нафақат иқтисодий манфаатларни, балки минтақада тинчлик, барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашни ҳам мақсад қилади. Бу йўналишда олиб борилаётган “қўшнилар билан дўстлик ва ҳамкорлик” сиёсати кейинги йилларда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида транспорт, энергетика ва савдо алоқаларини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мустақиллик тажрибаси шуни кўрсатадики, тараққиёт йўли, бу доимий меҳнат, сабр-тоқат ва миллий бирдамлик йўлидир. Шу йўлда халқимиз мардлик ва олижаноблик тимсоли бўлиб келмоқда.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси
вице-президенти, тарих фанлари доктори,
профессор.
ЎзА
- Қўшилди: 18.08.2025
- Кўришлар: 171
- Чоп этиш