Ўзаро манфаатли шериклик учун тинч ва хавфсиз Афғонистон керак

Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлиги нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бирига айланди.

Бу мамлакатдаги ҳар қандай беқарорлик ёки инқироз Марказий Осиёдан тортиб, бутун Осиё қитъаси, ҳаттоки жаҳон миқёсида ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ташқи сиёсат тамойилларидан келиб чиқиб, Афғонистон муаммосига алоҳида ва устувор эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон афғон муаммосини нафақат унинг ички муаммоси, балки Марказий Осиё, Осиё қитъаси ва умуминсоний масала сифатида жаҳон минбарларига олиб чиқмоқда. БМТ Бош Ассамблеясининг 80 сессияси, ШҲТ, МДҲ, ТДТ, ИҲТ саммитлари бундан мустасно эмас. Асрлар давомида бизга ён қўшни бўлган кўпмиллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмайди. Ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шартидир.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 137 километрлик умумий чегараси мавжуд. Бу дегани, Афғонистондаги ҳар қандай нотинчлик Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади. Терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчилик каби глобал таҳдидлар Афғонистондаги беқарор вазиятдан қулай имконият сифатида фойдаланиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон учун Афғонистоннинг барқарор ва тинч бўлиши минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг биринчи галдаги шартидир.

Бошқа томондан, иқтисодий манфаатлар ва транспорт коридорлари Афғонистонда тинчлик бўлишини тақозо этади. Ўзбекистон қуруқликдаги мамлакат бўлиб, жанубий денгиз портларига чиқиш учун Афғонистон ҳудуди муҳим транзит йўлаги ҳисобланади. Афғонистоннинг барқарорлиги “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби трансафғон транспорт коридорларини яратиш ва ривожлантириш учун зарур шароитдир. Бундай коридорлар Марказий Осиёни Жанубий Осиё бозорлари билан боғлаб, минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Президентимиз илгари сурган “Марказий ва Жанубий Осиё ўзаро боғлиқлиги” ғоясининг асосида ҳам Афғонистоннинг транзит салоҳияти ётади.

Ўзбекистон Афғонистон халқининг тарихий қўшниси сифатида уларнинг тақдирига бефарқ қарай олмайди. Мамлакатдаги гуманитар инқирознинг олдини олиш, аҳолига ёрдам бериш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш Ўзбекистоннинг инсоний ва қўшничилик бурчидир. Бу, ўз навбатида, минтақада қочқинлар оқимининг олдини олишга ҳам ёрдам беради. Шу боис Ўзбекистон Афғонистон муаммосига доир халқаро ёндашувларни шакллантиришда фаол иштирок этиб келмоқда. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси, ШҲТ, ТДТ каби халқаро минбарлардан туриб, Афғонистон муаммосини кенг муҳокама қилиш, ушбу мамлакатни яккалаб қўймаслик ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш зарурлигини доимий равишда таъкидлаб келмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари, масалан, Тошкентдаги халқаро конференциялар, халқаро ҳамжамиятни Афғонистон атрофида бирлашишга ундади.

Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида бир қатор аниқ лойиҳаларни амалга оширмоқда. Масалан, “Мозори Шариф – Ҳайратон” темир йўли: Бу лойиҳа 2011 йилда Ўзбекистон томонидан қурилган ва Афғонистоннинг шимолини Ўзбекистон темир йўл тармоғи орқали халқаро бозорлар билан боғлайди. Бугунги кунда у Афғонистонга гуманитар ва тижорат юкларини етказиб беришда асосий артериялардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” (UTP) темир йўли лойиҳаси. Бу Ўзбекистоннинг минтақавий аҳамиятга молик стратегик лойиҳасидир. Унинг амалга оширилиши Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга энг қисқа йўл очиб, минтақанинг транзит салоҳиятини кескин оширади ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиради. Лойиҳа техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар фаол олиб борилмоқда. “Термиз халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби” Афғонистонга гуманитар ёрдам етказишда муҳим марказ ҳисобланади. Бу ерда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг гуманитар юклари тўпланиб, Афғонистонга жўнатилмоқда. “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш линияси ҳам ҳамкорликдаги муҳим лойиҳалардан. Ўзбекистон Афғонистоннинг шимолий ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаб келмоқда. “Сурхон – Пули Хумри” янги электр узатиш линиясининг қурилиши Афғонистоннинг энергетика мустақиллигини оширишга ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради. Бу лойиҳа ҳамкорлик ва ўзаро ишончнинг ёрқин намунасидир. 

Ўзбекистон Афғонистон билан савдо айланмасини оширишга интилмоқда. Чегараолди савдо марказларини яратиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш ва қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш марказида афғон ёшлари учун турли йўналишларда мутахассислар тайёрланмоқда. Бу лойиҳа Афғонистон учун замонавий кадрлар етиштиришга, унинг келгуси ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган. Ўзбекистон Афғонистонга мунтазам равишда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлардан иборат гуманитар ёрдам юбориб келмоқда, бу эса оғир вазиятда қолган афғон халқига катта кўмакдир.  Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйлари очилди. Июнь ойида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланди. Чегараолди савдо ва тегишли инфратузилмани янада ривожлантириш, қазиб чиқариш, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида, қурилиш материаллари тармоқларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш кўзда тутилган.  Шу билан бирга 2025 йил декабрь бошидан мамлакатимиз ҳукумати Ўзбекистонни Афғонистон билан боғлайдиган, 1980 йиллар бошида Ўзбекистон раҳбари бўлган Шароф Рашидов Амударё устида қурилганидан сўнг очган “Ҳайратон” кўприги орқали фуқароларни ўтказиш пунктларини қайта очди. Фуқароларни ўтказиш чегара пунктлари 2021 йилнинг 15 августида Толибон ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин хавфсизлик нуқтаи назаридан ёпилганди. Айритомдан 75 км. масофада жойлашган Мазори Шарифга етиб бориш учун тадбиркорлар Тожикистон орқали бир кунлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур бўлган. Эндиликда бу чекловлар бекор қилинди ва йўл яна очилди. Чегарадан ўтиш тартибининг тикланиши экспорт қилувчи корхоналар учун катта қулайлик яратади.

Афғонистонга экспорт ҳажми охирги йилларда барқарор ўсмоқда ва айниқса, бу йўлнинг очилиши билан 2026 йилда экспорт ҳажмини 2,5 млрд. долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг Афғонистонга ўтишини енгиллаштириш билан бирга у ерда бизнес юритишлари учун қулайлик яратишга қарор қилди. Энди Афғонистоннинг Ҳайратон ёки Мозори Шариф шаҳарларида омбор очган ўзбекистонлик тадбиркорнинг омборни сақлаш билан боғлиқ харажатлари 100 фоиз давлат томонидан қоплаб берилади. Агар ўзбекистонлик тадбиркор ўз маҳсулотини Афғонистон оммавий ахборот воситалари ёки биллбордларда реклама қилишни истаса, Афғонистоннинг 34 вилоятида реклама қилиш харажатлари ҳам тўлиқ Ўзбекистон ҳукумати томонидан қоплаб берилади. Яна бир эътиборли жиҳат, 2024 йилнинг августида Термиз халқаро савдо маркази фаолиятини бошлади. Бу марказнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳукуматлари расмийлари иштирок этди. Бу марказ ичида савдо дўконлари, банклар филиаллари, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш муассасалари, меҳмонхоналар барпо этилган, аксар афғон тижоратчилари ўз дўконларини очган. Термиз халқаро савдо марказида чет эл фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, чегара ва божхона назоратидан ўтган ҳолда махсус йўлак орқали кириши (чиқиши) ҳамда 15 кун муддатгача марказ ҳудудида бўлиши тартиби жорий этилган. Шунингдек, 2022 йили "Termez Cargo Centre" очилган, унга халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди. Бугунги кундаги тадбиркорга энг қулайликларидан бири – ҳужжатлар ҳаммаси электрон шаклда амалга оширилади. Яъни, тадбиркорнинг ўзи бизга келиб, учрашиб, бу ерга келиб вақт сарфламайди. Маҳсулотини турган жойидан – ўзининг омборидан тўғридан-тўғри юклаб, электрон тарзда мурожаат қилади. Яъни, омбордан юкланган юк тўғридан-тўғри чегарага кетади.  

Тахминан 40 миллион аҳолига эга ва унинг қарийб 45 фоизи қишлоқ хўжалигида банд бўлган Афғонистон бугун кўплаб давлатлар учун жозибали бозор ҳисобланади. Узоқ йиллик нотинчликлардан сўнг дунёга очилиш, савдо-сотиқни ривожлантириш афғонларнинг ўзи учун ҳам муҳим, албатта. Аммо бу юртда ҳали саноат ривожланмаган, 20-30 миллиард долларлик иқтисодиётга эга катта бир мамлакат ҳозир асосан импортга боғланиб қолган. Экспортга қуритилган мева, доривор ўтлар, фойдали қазилмалар, сабзавотлар, жун, пахта ва бошқа саноқли маҳсулотлар чиқарилади, холос. Маълумотлар кейинги йилларда мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири – Покистон билан ўзаро савдо ҳажми пасайганини кўрсатмоқда.  Бу эса янги йўналиш – Ўзбекистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой билан савдо алоқаларини кенгайтиришни тақозо этади. Хусусан, Ўзбекистон бугун Афғонистонга асосан маиший техника, озиқ-овқат (айниқса, тухум), турли саноат маҳсулотлари, ун, буғдой ва цемент етказиб бермоқда. Бу ҳамкорликда Ўзбекистоннинг экспорт улуши 90 фоиздан ошди. Яъни, импортёр Афғонистон ҳисобланади. Шунга қарамай, афғон бозори ҳали ҳам тўғри маънода “оч” дейиш мумкин. Бу бозордан муқим ўрин олиш энди авжига чиқмоқда. Шуларни таҳлил қилсак, Термиздаги бозорнинг ҳар икки томон учун ҳам нечоғлик аҳамиятли эканлигини англайсиз. Бундай савдо йўналишларини янада кенгайтириш зарурлигини тушунасиз.   Айтиш жоизки, афғон халқи дунёга очилишга ҳаракат қилар экан, коммуникация тармоқлари ҳам кенгайиб бораверади. Жараёнда ўз муқим ўрнимизга эга бўлишимиз эса нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан муҳим ҳисобланади. Буни рақобатчиларимиз яхши билишади. Шу боис ҳам Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида қурилиши керак бўлган трансафғон темир йўли лойиҳаси неча йиллардан бери дунё диққат марказида турибди. Агар бу лойиҳа амалга ошса, ўзаро савдо ҳажми ҳозиргидан юзлаб бараварга ортиши мумкин.  

Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосига катта аҳамият қаратиши чуқур геосиёсий, иқтисодий, хавфсизлик ва инсоний асосларга эга. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган олис истиқболни кўзлаган умуминсоний манфаатлар атрофида бирлашиш ғояси Афғонистон мисолида намоён бўлмоқда. Ўзбекистоннинг мақсади – Афғонистонни минтақавий хавфсизлик таҳдиди манбаидан Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприкка, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт маконига айлантиришдир. Амалга оширилаётган транспорт, энергетика, таълим ва гуманитар лойиҳалар мана шу стратегик мақсадга эришишга қаратилган бўлиб, улар Афғонистоннинг ўзига, Марказий Осиёнинг барқарорлигига ва умуман, глобал хавфсизликка бебаҳо ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги прагматик ва конструктив ёндашуви халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилиб, Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳал этишда муҳим ўрнак бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни фақат тинч, сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этишни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда, унинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, қўшни мамлакатнинг тинч, бўлинмас, мустақил, иқтисодий ривожланаётган давлат сифатида шаклланишини қўллаб-қувватлаш зарурлиги тамойилига қатъий амал қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон барқарорлашувига нисбатан қатъий ёндашуви – “беқарорлик ва вайронагарчиликдан – тинчлик ва яратувчанлик сари” тамойили Афғонистон йўналишидаги қўшма минтақавий ҳамкорликнинг мантиғини белгилайди.

Президентимизнинг ташаббуслари Афғонистонга Марказий ва Жанубий Осиёга хавф соладиган давлат сифатида эмас, балки минтақаларни, давлатларни умумий манфаат атрофида бирлаштиришга, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни йўлга қўйишга ва Ер шарининг катта ҳудудида барқарорлик, ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш сингари шарқона сиёсий маданият устуворлигини таъминлашга имкон яратди. Кун тартибидаги бундай жиддий масалалар Афғонистонда бир неча минглаб иш ўринлари очилишига, унинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этилишига, энг муҳими, буюк цивилизацияларга гувоҳ бу мўътабар маконда узоқ кутилган тинчлик, барқарорлик, бахтли-саодатли ҳаёт ўрнатилишига хизмат қилади. 

Президентимизнинг Афғонистонга доир келишувчилик ва яқин қўшничилик сиёсати ўзининг сиёсий ва тарихий моҳияти билан жаҳон ҳамжамиятини, давлат ва сиёсат арбобларини, халқаро ташкилотларни афғон муаммосига инсонпарварлик нуқтаи назаридан муносабатда бўлишга чақиради. Афғонистоннинг хавфсизлиги ва барқарор иқтисодий тараққиёти уни нафақат ички муаммо, балки улкан минтақавий ва умумсайёравий, бутун инсоният тақдири ва истиқболига дахлдор масала сифатида баҳолашга даъват этади.

Тошпўлат Матибаев, 

социология фанлари доктори, профессор, 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech