Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлиши – мамлакат тарихида янги даврни бошлаб берган муҳим воқеа ҳисобланади. 1992 йил 2 март куни юртимиз байроғи БМТ қароргоҳи пештоқида ҳилпираши нафақат ёш мустақил давлатнинг халқаро майдонда тан олиниши, балки дунё ҳамжамиятига очиқ, тинчликпарвар ва ҳамкорликка тайёр субъект сифатида эълон қилиниши эди. Шундан буён ўтган 33 йил давомида Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликни изчил давом эттириб, глобал кун тартибидаги энг долзарб масалаларда фаол иштирок этиб келяпти. Хавфсизлик, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқи, атроф-муҳит муаммоси каби глобал масалалар бўйича мамлакатимиз БМТ минбаридан илгари сурган ташаббуслар халқаро майдонда кенг қўллаб-қувватланмоқда. Тарихига назар ташлар эканмиз, Ўзбекистоннинг БМТдаги ўрни оддий аъзолик доирасидан чиқиб, минтақавий ва глобал жараёнларда фаол иштирокчи, ишончли шерик сифатида кўрилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу юртимиз ташқи сиёсатидаги энг муҳим ютуқлардан биридир.

Ислоҳотлар марказида – инсон қадри

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигида энг муҳим йўналишлардан бири – инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш ҳисобланади. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимиз халқаро ҳамжамият олдида инсон қадр-қимматини улуғлаш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ҳамда адолатли ва очиқ давлат қуриш йўлини танлаган. Сўнгги йилларда бу борадаги ислоҳотларимиз кенг қамровли тус олди. Суд-ҳуқуқ тизими либераллашуви, аёллар ва болалар ҳуқуқи муҳофазаси, ёшлар манфаати таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. БМТ таркибидаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши, “UNDP”, “UNICEF”, “UN Women” каби тузилмалар диёримиздаги ўзгаришларни кузатиб бориб, кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Хусусан, “UNICEF” ҳамкорлигида мактабгача таълим қамровини кенгайтириш дастурлари, “UNDP” ёрдамида ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар, “UN Women” билан гендер тенгликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Сабине Маҳлнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари босқичи инсон ҳуқуқи ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, бу борада халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик янада чуқурлашмоқда.

Ўзбекистон глобал минбарда 

Ўзбекистоннинг БМТдаги фаолияти сўнгги йилларда сезиларли даражада кучайди. Мамлакат шунчаки аъзо сифатида эмас, балки глобал қарорлар қабул қилинадиган минбарларда ташаббускор давлат бўлиб майдонга чиқмоқда.

2024-2027 йилларда Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши — “ECOSOC” аъзолигига сайланди. Бу иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий ривожланиш ва барқарор тараққиёт масалаларида юртимиз овози энди янада баралла эшитилишини англатади. Яна бир муҳим воқеа – Ўзбекистон 2025-2028 йилларда Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси этиб сайлангани халқаро ҳамжамият томонидан Тошкент олиб бораётган ислоҳотларга билдирилган юксак ишонч сифатида баҳоланди. БМТ Бош Ассамблеясининг охирги  сессияларида Президент Шавкат Мирзиёев сўзлаган нутқлар алоҳида эътиборга лойиқ. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида минтақавий хавфсизлик, экология, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари масалаларини глобал кун тартибига олиб чиқди. Жумладан, Орол денгизи муаммоси, Афғонистондаги вазият ва Марказий Осиё ҳамкорлиги масалаларида Ўзбекистон илгари сурган ташаббуслар халқаро майдонда кенг қўллаб-қувватланди. Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистон бугун БМТ минбарида фақат ўз манфаатини ҳимоя қилувчи эмас, балки бутун минтақа ҳамда глобал миқёсдаги муаммоларга ечим таклиф этувчи давлат сифатида намоён бўлмоқда.

Атроф муҳит ва Орол денгизи бўйича ташаббуслар

Орол денгизи фожиаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун ўта жиддий экологик муаммо саналади. Бир пайтлар дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган Оролнинг қуриши минтақадаги миллионлаб инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатди: ичимлик суви танқислиги, соғлиқ муаммолари, миграция ва ижтимоий қийинчилик ортиб борди.

Ҳукуматимиз бу масалани фақат миллий даражадаги муаммо эмас, балки бутун инсоният учун глобал чақириқ сифатида БМТ минбарига олиб чиқди. 2018 йил БМТ Бош Ассамблеяси “Оролбўйи ҳудуди учун экологик инновация ва технология зонаси” резолюциясини қабул қилди. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг экологик дипломатиядаги йирик ютуғи сифатида тарихга кирди. Шунингдек, БМТ кўмагида “Multi-Partner Trust Fund” (MPTF) ташкил этилди. Ушбу фонд орқали халқаро ҳамжамият маблағлари тўғридан-тўғри Оролбўйи аҳолиси ҳаётини яхшилаш, ичимлик суви ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, атроф-муҳитни тиклашга йўналтирилмоқда. Бугун мазкур зонада барпо этилаётган “яшил ҳудудлар”, ичимлик суви инфратузилмаси янгиланиши, янги иш ўринлари яратилиши БМТ билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.

Келажак истиқболи – янги уфқлар сари

Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги шериклик бугун янги босқичга чиқмоқда. Яъни, мамлакатимиз тараққиёти стратегияси ва БМТ глобал кун тартиби уйғунлашмоқда.

“Янги Ўзбекистон” тараққиёт стратегиясида ижтимоий адолат, барқарор иқтисодий ўсиш, экологик мувозанат ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби бир қатор устувор йўналишлар белгиланган. Ушбу мақсадлар БМТнинг 2030 йил Барқарор ривожланиш мақсадлари билан бевосита уйғун. Шунинг учун ҳам БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва турли агентликлари ислоҳотларимизни изчил қўллаб-қувватламоқда. Яқин истиқболда 

Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги уч асосий йўналишда янада кучайиши кутиляпти:

Инсон капиталини ривожлантириш – таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш.

Экологик барқарорлик – Оролбўйи ҳудудини тиклаш, яшил энергетика ва экологик инновацияни жорий этиш.

Минтақавий ҳамкорлик – Марказий Осиё хавфсизлиги ва иқтисодий интеграциясини мустаҳкамлаш.

Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда нафақат миллий мақсадларига эришади, балки бутун Марказий Осиё учун барқарор тараққиёт моделини яратади.

Хуллас, 33 йиллик ҳамкорлик йўли энди янги уфқлар сари етаклайди. Тошкент БМТ минбарига фақат бугунги муаммоларни эмас, балки келажак авлодлар тақдирини ҳам ўйлаётган давлат сифатида чиқмоқда. Эътиборлиси, айни муштарак мақсадлар жадал бўй кўрсатмоқда. Бугун 33 йил олдинги тарихий қадам туфайли Ўзбекистон нафақат глобал занжирнинг муҳим ҳалқасига айланди, балки минтақавий ва халқаро жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида кўп давлатларга намуна. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик келгуси авлодлар учун янада мустаҳкам ва барқарор пойдевор яратади.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech