Парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда

Аввал хабар берилганидек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди.

Парламентдаги мухолифатнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган мазкур ҳужжат лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишларда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳаси, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мухолифат фракцияга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда «Ҳукумат соати» доирасида ҳамда парламент сўровини юбориш тўғрисида камида битта масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар берилмоқда.  

Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларининг ташаббускорлик ҳуқуқи кафолатини мустаҳкамлашда, электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан позиция билдириш имкониятларини кенгайтиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech