Бугунги кунда пенсия тизими бўйича фуқаролар орасида турли саволлар тез-тез учраб турибди.
Аксарият ҳолларда расмий ҳужжатлардаги мураккаб атамалар ва ҳисоб-китоблар одамларга тушунарсиз бўлиб қолмоқда, натижада нотўғри талқинлар ва тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Шу сабабли, биз Пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан, пенсия ҳисоб-китоблари ва унга оид тартибларни фуқароларга янада тушунарли ва содда тилда тушунтиришни мақсад қилдик.
Ўзбекистон Республикасида пенсия икки хил йўл билан берилади:
- Давлат пенсияси,
- Жамғариб бориладиган пенсия.
1. Давлат пенсияси ("солидар" пенсия тизими) — Бу пенсия фуқароларнинг ишлаган йиллари (иш стажи) ва олган ойлиги асосида белгиланади. Бу Пенсия жамғармаси маблағлари томонидан молиялаштириладиган пенсия тизими бўлиб, унда ишлаётган аҳоли (яъни фаол меҳнат фаолиятидаги шахслар) томонидан тўланадиган мажбурий ижтимоий солиқлар (пенсия бадаллари) эвазига пенсия ёшига етган ёки ногиронлик сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлган шахсларга пенсия тўланади.
2. Жамғариб бориладиган пенсия — бу эса ходимнинг ойлигидан мажбурий тарзда 0,1% ажратилиб, ушбу ажратилган мабағ Халқ банкида унинг номига алоҳида жамғариб борилади. Кейинчалик, ходим пенсияга чиққанидан сўг ушбу жамғарилган пулларини бир мартада бўлиб-бўлиб олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, ҳар бир фуқаро истаса, ўз хоҳишига кўра жамғариладиган пенсиясига ихтиёрий маблағ ажратиб, келажакдаги мазкур пенсиясини кўпроқ қилиб бориши мумкин.
Пенсия ҳуқуқига кимлар эга?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро қуйидаги ҳолатларда давлатдан ижтимоий ёрдам (нафақа ёки пенсия) олиш ҳуқуқига эга:
- қарияга айланганда,
- ишлай олмас даражада ногирон бўлиб қолса,
- иш тополмай ишсиз бўлиб қолса,
- оиланинг боқувчиси вафот этса,
- ёки бошқа қонун билан белгиланган ҳолатларда.
Пенсиянинг турлари:
1993 йилда қабул қилинган қонунга кўра, фуқароларга уч хил ҳолатда пенсия тайинланади:
1. Ёшга доир пенсия
- • Эркаклар: 60 ёшга тўлганда ва камида 25 йил ишлаган бўлса.
- • Аёллар: 55 ёшга тўлганда ва камида 20 йил ишлаган бўлса.
- • Агар иш стажи камида 7 йил бўлса, унда пенсия тўлиқ бўлмаган миқдорда тайинланади.
2. Ногиронлик пенсияси
- Бу пенсия I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс деб топилган фуқароларга берилади.
- Ногиронлик белгиланганда, қуйидаги иш стажи бўлиши шарт:
- 23 ёшгача — камида 2 йил,
- 23–26 ёш — камида 3 йил,
- 26–31 ёш — камида 5 йил,
- 31–36 ёш — камида 7 йил,
- 36–41 ёш — камида 9 йил,
- 41–46 ёш — камида 11 йил,
- 46–51 ёш — камида 14 йил,
- 51–56 ёш — камида 17 йил,
- 56 ёшдан катта — камида 20 йил.
Пенсия қандай ҳисобланади?
Пенсия миқдори 3 асосий қисмдан ташкил топади:
Пенсиянинг таянч миқдори (ПТМ) – бу сизнинг ўртача иш ҳақингизнинг 55 фоизи.
Ортиқча стаж учун қўшимча (ОС) – керакли иш стажидан ортиқ ҳар бир йил учун пенсияга ўртача иш ҳақининг 1% миқдорида қўшимча тўлов қўшилади. (Агар сиз боқувчисиз қолган бўлсангиз — 0,5%).
Устама ҳақлар (ПУ) – агар сизда махсус унвон (масалан, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”) бўлса, пенсияга қўшимча тўлов берилади.
Масалан: Фуқаро (эркак):
Иш стажи – 40 йил
Охирги 10 йилдаги энг яхши 5 йиллик ўртача ойлик маоши – 4,5 млн сўм
Унвони – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”
Пенсия қуйидагича ҳисобланади:
1. Таянч миқдор:
4,5 млн сўм × 55% = 2 475 000 сўм
2. Ортиқча стаж учун (25 йил талаб қилинган, у эса 40 йил ишлаган):
15 йил × 1% = 15%
4,5 млн сўм × 15% = 675 000 сўм
3. Устама ҳақ (412 минг сўм BHM × 160%) = 659 200 сўм
Жами пенсия:
2 475 000 + 675 000 + 659 200 = 3 809 200 сўм
Эслатма:
Пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг максимал миқдори чекланган: 5 652 000 сўмдан ортиқ ҳисобга олинмайди.
Аввалги йилларда олинган иш ҳақи инфляция коэффициенти асосида замонавийлаштирилади.
Энг кам пенсия – минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги шарт.
Маълумот учун, жорий йил 1 июль ҳолатига пенсия олувчилар сони 4 202,5 минг нафарни ташкил этади. Шундан, Ёшга доир пенсия – 3 477,9 минг нафар;
Ногиронлик пенсияси – 475,5 минг нафар;
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси – 249,1 минг нафар.
Бу жами аҳолининг 11 фоизини ташкил этади.
Пенсионерлар сони 2025 йил 1 июль ҳолатига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 98,1 мингта (ёки 2,4 фоизга)га ошган. 2024 йилда жами 306,0 мингта пенсия янги тайинланган.
Шундан, Ёшга доир пенсия – 242,7 минг нафар;
Ногиронлик пенсияси – 44,5 минг нафар;
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси – 18,8 минг нафарни ташкил этган.
М.Эшмирзаева, ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2025
- Кўришлар: 205
- Чоп этиш