Подкастлар: янги медиа, янги масъулият

Ахборот технологияларининг ривожланиши журналистика соҳасида янги йўналишларнинг шаклланишига туртки бўлмоқда. Ана шундай замонавий медиа форматларидан бири бу – подкастлар. Сўнгги йилларда бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам бу жанр оммалашиб бормоқда. Эндиликда журналист фақат газета ёки телевидение орқали эмас, балки қулай ва ихтиёрий эшитиладиган аудио платформалар орқали ҳам ўз фикрини етказиши мумкин.

Бу контент тури аввалига кўнгилочар йўналишда шакллангани билан, кейинчалик журналистик таҳлил, интервьюлар, ҳужжатли ҳикоялар, янгилик шарҳи каби шаклларда ривож топди. Подкастларнинг журналистик аҳамияти шундаки, улар аниқ аудиторияга қаратилган бўлади. Масалан, ёшлар, аёллар, сиёсатшунослар ва бошқалар.

Эркинлик даражаси юқорилиги – муаллиф ўз позициясидан келиб чиқиб мавзу юзасидан фикрларини очиқ баён қилади. Бу эса подкастлар журналистиканинг асосий тармоқларидан бир бўлиб бораётганидан далолат беради. Сифатли таҳлил ва чуқур суҳбатлар учун имконият яратиб беради. Аниқ вақт ва жойга боғлиқ бўлмаган ҳолда эшитилиши мумкин. Яъни, фойдаланувчи учун жуда қулай. 

Айрим мутахассислар подкастни “аудио мақола” деб ҳам атайди. Бу жиҳат уларни блоглар ва анъанавий мақолаларга яқинлаштиради. Шундай бўлса-да, профессионал таҳрир ва овоз сифати подкастларни мустақил медиа маҳсулот сифатида кўришга асос бўлади. 

Подкастларнинг савияси уларнинг ғояси, олиб борувчилар тили, овоз сифати ва энг муҳими – мазмунига боғлиқ. Яхши подкаст тингловчиларга янги билимлар беради. Долзарб ҳаётий муаммоларни ёритади. Шунингдек, аудиторияга таниш овоз ва дўстона оҳанг орқали таъсир қилади. 

Масалан, ҳуқуқий саводхонлик, руҳий саломатлик, аёллар ҳуқуқи, таълимдаги ислоҳотлар, тадбиркорлик ва шахсий ривожланиш каби мавзулари энг кўп эшитиладиган йўналишлардан бири бўлиб бормоқда. 

Подкастлар айниқса ёшлар орасида машҳур. Улар YouTube, Instagram, Spotify платформаларда исталган пайт эшитилиши, кўпинча интерактив шаклда жалб қилиши, аудитория билан яқин алоқага кириша олиши билан оммалашмоқда. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда подкаст йўналишида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Дастлаб, бу фақат блогерлар ёки муқобил медиа вакилларининг ташаббуси бўлса, ҳозирда йирик ОАВ ҳам подкастлар орқали фаолият юрита бошлади. Хусусан, “Lolazor”, “Kun podkasti”, “Daryo” подкастлари шулар жумласидан. Подкастлар орқали ҳам ижтимоий муаммолар, долзарб мавзулар, шахсий ҳикоялар ва эксперт таҳлиллар кенг ёритилмоқда. Бу – медиа майдонининг янги босқичга ўтганини англатади. 

Бундан ташқари, кўплаб шахсий брендлар, стартаплар ва блогерлар ҳам ўз аудиториясига мос подкастлар яратмоқда. Бу эса медиа бозоридаги рақобат олиб киради ва сифатни оширади. Подкастларда йўналиш нуқтаи назари ҳам турлича. Мисол учун, баъзи подкастларда коррупция, ишсизлик, таълимдаги муаммолар, соғлиқни сақлашдаги оғриқли нуқталар таҳлил қилинади. Бу турдаги подкастлар расмий манбалар ва экспертлар фикри асосида тайёрланиб, тингловчига холис ва чуқур таҳлил тақдим этади. 

Шахсий ҳаётдаги муваффақият ҳикоялари ҳам тингловчилар учун жуда қизиқарли йўналиш. Ушбу подкастларда санъаткорлар, спортчилар, тадбиркорлар ва мутахассислар иштирок этиб, ўз ҳаёти, ютуқлари ва қийинчиликлари ҳақида сўз юритади. Бу турдаги контент мотивацион руҳда бўлиб, ёшлар орасида жуда оммабоп.

Подкастларнинг борлиги яхшику-я, аммо баъзи бир кўнгилочар подкастларнинг маъно-мазмуни ва уларда ёритилаётган мавзулар кишини ўйга толдиради. Бу майдонда бир хавфли тенденция кузатилмоқда. Ҳар қандай шахсни ёки қадриятни тарғиб қилмасин, подкастларга таклиф қилиш урф бўлиб қолгандек.

Бугун баъзи подкастлар “эшитувчилар сони”, “мавзу шов-шувли чиқсин” деган ниятда шахсий ҳаётини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб юрган, тарбиясиз гап-сўзлардан таб тортмайдиган, енгил-елпи ҳаёт тарзини очиқчасига тарғиб қиладиган шахсларни студияга чорламоқда. Энг ачинарлиси, бу меҳмонлар ўзларининг бу каби ҳаётий йўлларини “орзу”, “мақсад”, “эркинлик” деб талқин қилишади ва айнан шу нуқтада инсон онгида нотўғри тасаввурлар шаклланиши мумкин.

Афсуски, бугунги кунда “машҳурлик” ахлоқийлик, зиёлилик ёки ютуқлар билан эмас, кўпроқ шов-шув, баҳсли постлар ва ижтимоий тармоқлардаги фаол “контент” билан ўлчанмоқда. Шунинг натижасида подкаст мезбонлари ҳам меҳмон танлашда “ким кўпроқ кўрилади?” деган саволга боғланиб қолмоқда. Натижада микрофон ортида ижтимоий масъулиятни ҳис қилмайдиган инсонлар ўтириб, уларни тинглаётган минглаб инсонлар қалбида чалкашликлар юзага келмоқда.

Тўғри, сўз эркинлиги – демократик жамият белгиси. Лекин эркинлик ҳеч қачон тарбиясизликка, ахлоқий меъёрларни бузишга баҳона бўла олмайди. Айниқса, медиа оламида, кўп сонли аудитория олдида гапираётган ҳар бир инсон – журналист, блогер, подкастчи бўлсин, ўз сўзининг оқибатини чуқур англашга мажбур.

Подкастлар маданият, маърифат, тафаккур майдони бўлиши керак. У ерга таклиф этилган ҳар бир меҳмон ёшлар учун намунали шахс, ибратли тажриба эгаси, ижтимоий масъулиятни ҳис қиладиган инсон бўлиши лозим. Акс ҳолда, ижтимоий онгда нотўғри қадриятлар илдиз отиши ва жамиятни ичкаридан емириши ҳеч гап эмас.

Замонавий аудиторияга эришиш, тингловчи билан боғланиш ва журналистиканинг янги имкониятларини синаб кўриш учун подкастлар айни муддао. Ушбу мақсад ёрдамида ҳам руҳиятга, ҳам жамиятга таъсир кўрсатиш мумкин. Уни қандай ишлатиш эса биз – медиа вакиллари, ижодкорлар, контент яратувчиларнинг ахлоқий танловига боғлиқ. Масъулиятли бўлайлик. Чунки ҳар бир эфир кимнингдир ҳаётини ўзгартиради.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech