10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 71 йиллигига бағишланган “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди, деб хабар берди uzmarkaz.uz сайти.
Марказ директори Қ.Бурханов бошқарган давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи А.Мўминов ва Марказ масъул ходими Ў.Очилов, Тошкент Давлат юридик университети профессори Г.Юлдашев иштирок этди.
Анжуманда инсон ҳуқуқларини миллий ва халқаро даражада таъминлашнинг долзарб масалалари, ҳозирги замонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг ўзига хос хусусиятлари, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича институтларнинг ривожланиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоат ташкилотларининг роли ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Давра суҳбати қизиқарли, мунозарали ва мазмунга бой тарзда бўлди.
Марказ бўлим бошлиғи А.Мўминов “Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиш” мавзусида маъруза қилди. Олимнинг қайд этишича, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий ҳуқуққа имплементация қилиш кўп қиррали ва кўп босқичли мураккаб жараёндир. Халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуққа тўла ва самарали татбиқ этилиши учун миллий ҳуқуқий тизимларда юридик, молиявий ва институционал инструментлардан иборат “кутиб олувчи ёки қабул қилувчи инфратузилмалар” шай бўлиб турмоғи лозим.
Акс ҳолатларда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий ҳуқуқий тизимлар орасида муросасиз тўқнашувлар келиб чиқади. Бундай тўқнашувлардан қочиш ва халқаро ҳуқуқ билан миллий ҳуқуқ ўртасида “дўстона баҳамжиҳатликнинг” қарор топиши учун қуйидагиларга эътибор қаратиш таклиф этилади:
Биринчидан, халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш жараёнига миллий ҳуқуқий тизим ва халқаро ҳуқуққа оид билимларни пухта эгаллаган ҳуқуқшунос-мутахассисларни жалб қилиш;
Иккинчидан, халқаро шартномалар имзолаш, қабул қилиш, ратификациялаш, тасдиқлаш ёки уларга қўшилишдан олдин имплементация қилиш имконияларини чуқур ўрганиб чиқиш;
Учинчидан, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий ҳуқуққа имплементация қилишда тегишли давлат органларининг ваколат ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш лозим.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.12.2019
- Кўришлар: 5114
- Чоп этиш