Шу йил 14 август – 3 сентябрь кунлари Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” мамлакатлари учун 2019 йил бўйича этник сиёсат ва амалиёт” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Халқаро ишбилармон шахслар академияси (AIBO) ва Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон, Гана Республики, Шри-Ланка, Фаластин, Замбия, Лаос ва Панама вакиллари қатнашди. Мамлакатимиз делегацияси таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими Робия Арслонова ҳам мазкур семинарда иштирок этди.
Р. Арслонованинг қайд этишича, Пекин анжуманида этник сиёсат ва амалиёт масалалари бўйича глобал тенденциялар муҳокама қилинган. Айниқса, бу борада “Бир макон, бир йўл” мамлакатлари тажрибасига алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун: Хитой раҳбарияти томонидан илгари сурилган ҳамда БМТ, ШҲТ, Европа Иттифоқи, Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси турли мамлакатларнинг миллий тараққиёт стратегиясига мос келади. Шу жиҳатдан бутун дунёда иқтисодий ривожланишга кенг йўл очмоқда.
Мазкур Концепциянинг ажралмас қисми бўлган «Буюк ипак йўли иқтисодий камари», Хитой томони маълумотларига қараганда, 65 та мамлакатда истиқомат қилаётган қарийб 4,5 млрд инсонни қамраб олади. Бунда ХХР билан икки томонлама маҳсулот айланмаси ҳажми 2,5 трлн долларга қадар ортади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 ва 2019 йилларда Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифлари доирасида “Бир макон, бир йўл” биринчи ва иккинчи халқаро форумларида иштирок этган. Ушбу йирик тадбирлар якунлари бўйича кўплаб келишувларга эришилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.09.2019
- Кўришлар: 5548
- Чоп этиш