12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига риоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Олтинчи даврий маърузаси лойиҳаси юзасидан эшитув бўлиб ўтди.
Тадбир Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Д.Муратова БМТ Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси қоидаларига риоя қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олтинчи даврий маърузаси лойиҳаси юзасидан Сенат аъзоларига ахборот берди.
Мажлисда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши бўйича Миллий маъруза лойиҳаларини парламентда муҳокама қилиш тажрибаси илк бор амалиётга татбиқ этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида ўз тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичига чиқди ва инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро қонун ижодкорлигининг фаол иштирокчисига айланди. Жумладан, 2017-2019 йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро идораларга 100 дан ортиқ таҳлилий материал, шунингдек халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича миллий маърузалар юборилган.
Мазкур Олтинчи даврий маъруза лойиҳасида Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларига риоя қилиниши борасида Ўзбекистон эришган муҳим натижалар қайд этилган. Шу билан бирга, аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича белгилаб олинган истиқболли устувор вазифалар баён қилинган.
Марказ томонидан тайёрланган Олтинчи миллий маъруза Ўзбекистонда тегишли Конвенция қоидалари ижроси доирасида 2016 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда амалга оширилган чора-тадбирларни ўзида қамрайди. Маърузани тайёрлашда 60 дан ортиқ давлат органи ва ташкилотлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари иштирок этган.
Маъруза матнида Конвенция талаблари асосида бажарилган ишлар моддама-модда батафсил акс эттирилган. Шунингдек, кейинги даврда ушбу халқаро шартнома қоидалари доирасида Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, мамлакатда хотин-қизлар ҳаётини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида ахборот тақдим этилган.
Маълумот учун: БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган ва 1989 йил 3 сентябрда кучга кирган. Жорий йил 18 декабрда мазкур Конвенциянинг 40 йиллиги бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда кенг нишонланади.
Жаҳондаги 187 мамлакат Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция иштирокчиси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ушбу Конвенцияга 1995 йилда қўшилган.
БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасида Ўзбекистоннинг Конвенция қоидалари бажарилишига доир Биринчи даврий маърузаси – 2001 йилда, Иккинчи ва Учинчи қўшма даврий маъруза – 2006 йилда, Тўртинчи даврий маъруза – 2010 йилда, Бешинчи даврий маъруза эса 2015 йилда кўриб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.12.2019
- Кўришлар: 4921
- Чоп этиш