25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан конструктив муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик ушбу шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал Ҳусайн ва БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифлари натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш, бу борадаги халқаро мулоқотни янада ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг ўнта асосий шартномаларига қўшилган. 2018 йил ноябрь ойида Самарқандда илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларациясини амалга ошириш бўйича миллий дастур қабул қилинган. Ушбу ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳаси ходимларининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишни назарда тутади.
Юртимиз суд-ҳуқуқ тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш орқали судья ва адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан биридир.
Хусусан, янги орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяларни узоқ муддатга тайинлаш ва суд қарорларини жамоатчиликка эълон қилиш амалиёти жорий этилди. "Хабеас корпус" ва "электрон одил судлов" механизмларини қўллашни кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимизда адвокатларнинг мустақиллигини таъминлаш ва ўрнини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, Адвокатлар палатасининг роли ортиб бормоқда.
Учрашувда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан батафсил фикр алмашилди, Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилигини янада такомиллаштириш жиҳатлари ва қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус маърузачиси самимий қабул ҳамда ташрифи тадбирларга бой дастур асосида ташкил этилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президентига миннатдорлик билдирди.
Диего Гарсия-Саян давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат ва халқ ўртасида бевосита мулоқот орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш, қонунийлик ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.
БМТнинг юқори мартабали вакили Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришга ва демократик янгиланишларни амалга оширишда амалий кўмаклашишга тайёр эканини таъкидлади.
Манба: ЎзА
- Қўшилди: 25.09.2019
- Кўришлар: 5761
- Чоп этиш