Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу йиғилишда таъкидлаган айрим фикрлари қуйида келтирилмоқда.
“Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди”.
“Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир”.
“Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак”.
“Ҳурматли муаллимларимиз, жонкуяр мактаб директорларини, соҳа фахрийларини эл-юртимизнинг таянчи ва суянчи, деб биламиз”.
“Мактаблар тизимини ривожлантириш учун бундан буён ҳам маблағни, имкониятни асло аямаймиз”.
“Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”.
“Мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантирмасак, унинг ҳаёт сифати даражасини оширмасак, ислоҳот, натижа ҳақида гапира олмаймиз”.
“Ўқитувчи ва мураббийларнинг ўзи ҳам билим ва касб маҳоратини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши керак”.
“Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим”.
“Таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарур”.
“Билим беришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳим”.
“Миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга”.
“Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарур”.
“Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳим”.
“Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарур”.
“Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”.
ОАВ материаллари асосида тайёрланди
- Қўшилди: 24.08.2019
- Кўришлар: 8231
- Чоп этиш