Ўзбекистонда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
2025 йил 20 майда кучга кирган “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун соҳа ривожидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
– Фуқароларга тўланадиган тўрт турдаги ижтимоий тўловларни уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда, икки турдаги ижтимоий тўловларни композит шаклда ҳамда яна тўрт турдаги ижтимоий тўловларни қўшимча ҳужжатлар талаб этмаган ҳолда, биргина паспорт асосида тайинлаш амалиёти жорий этилган, – деди Олий Мажлис Сенати аъзоси А.Кўчимов. – Шу билан бирга, аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликка йўл қўймаслик мақсадида пенсия тизимини янада такомиллаштириш зарурияти юзага келган эди. Шу муносабат билан “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, фуқаролардан пенсия ёшига етганда (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) улардан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда пенсия тайинлаш тартиби белгиланди.
Бунда, фуқарога пенсия тайинлаш учун зарур маълумотлар, яъни меҳнат стажи, иш ҳақи, ўқиш даври, оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар давлат идоралари ва ташкилотларнинг ахборот тизимларидан электрон маълумот алмашинуви асосида олинади.
Бунгача фуқаролар белгиланган пенсия ёшига тўлганидан сўнг, пенсия тайинлашни сўраб яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига, Давлат хизматлари марказига ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан рўйхатдан ўтган ҳолда сўровномани тўлдирган ҳолда мурожаат қилиши талаб қилинган.
Ушбу ўзгартириш натижасида бир йилда ўртача 250 минг нафар фуқаронинг Пенсия жамғармаси ва Давлат хизматлари марказига келиб ариза бериши ёки электрон мурожаат қилиш билан боғлиқ вақт ва маблағ сарфи тежалади.
Қонунда фуқаро меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган ёшга доир пенсияни рад қилиш ҳуқуқига эгалиги сақлаб қолинди.
Айтиб ўтиш керакки, пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақи миқдорига боғлиқ. Бугунги кунда юртимизда 500 мингга яқин ишловчи пенсионер фуқаро мавжуд.
Бундан ташқари, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунда вафот этган шахснинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларига ёки қонуний вакилига, улар бўлмаганда эса дафн этишни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахсга дафн этиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан нафақа бериш кафолатлангани боис қонунда дафн этиш билан боғлиқ тегишли норма чиқариб ташланди.
Қонунда маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб, “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга нафақаларни тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.
Маъмурий ислоҳотларга мувофиқ пенсия ва нафақага оид маълумотларни тақдим этиш бўйича ваколатли органлар вазифаларига аниқлик киритилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида ижтимоий нафақаларни тўлаш Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилган. Шу боис, ушбу агентликнинг туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларидан қонунчиликда белгиланган нафақаларни олмаётганлар тегишли маълумотномани олиши мумкинлиги қонунда акс этди.
Қонун аҳоли учун пенсия тайинлаш тизимига замонавий рақамли технологияларни фаол жорий этган ҳолда давлат хизматлари сифатини янада оширишга йўл очади. Пенсия тайинлаш юзасидан давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилиши натижасида тизимда инсон омили камайиши ва коррупциявий хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 05.06.2025
- Кўришлар: 480
- Чоп этиш