2025 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонунда нималар назарда тутилган? Прописка билан боғлиқ қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов шу ҳақда сўзлаб берди:
– Фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотлардан аҳоли сони статистикасини ва ҳудудлар инфратузилмасини шакллантиришда, фуқароларни таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасида қўллаб-қувватлашда, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда кенг фойдаланилади.
Шунингдек, фуқароларнинг сайлов жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишларини таъминлашда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинганлиги муҳим аҳамиятга эга.
Бироқ айрим фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмагани сайловчиларнинг аниқ рўйхатларини шакллантириш ва сайлов жараёнларини бошқаришда муаммоларни юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги вақтларда жаҳонда содир этилаётган турли қўпорувчилик ҳаракатлари республикамизнинг чегара зоналари, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар, ёпиқ ҳарбий шаҳарчалар ва ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши, турар ва яшаш жойни танлаш бўйича ҳуқуқларига чекловлар ўрнатиш заруриятини туғдирмоқда.
Айниқса, фуқароларнинг мазкур ҳудуд ва объектларда эркин ҳаракатланишларига чекловлар ўрнатилиши – чегара зоналари, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар, ёпиқ ҳарбий шаҳарчалар ва ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмалар дахлсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Амалиётда юзага келаётган мана шундай муаммолар ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида 2023 йил 8 майда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унда янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари олдида турган биринчи галдаги вазифалар белгилаб берилди ва амалда рўёбга чиқариш ва қонунчиликнинг унга зид қоидаларини бекор қилиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифалар назарда тутилди.
Жумладан, мамлакатимиз фуқароларининг эркин ҳаракатланишлари, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш белгиланди.
Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирлиги томонидан миграция соҳасидаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилди.
Қонун билан биринчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари ҳамда уларни яшаш ва турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланди.
Иккинчидан, Ички ишлар вазирлигининг яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари белгиланди. ИИВ соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши, мутахассислар тайёрланиши, қайта тайёрланиши ҳамда уларнинг малакаси оширилишини таъминлаш, рўйхатдан ўтказишга доир услубий кўрсатмаларни, тавсияномаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишда иштирок этади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг чегара зонасида, ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда, ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарда, шунингдек, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа жойларда, юқумли касалликларнинг ҳамда юқумли бўлмаган оммавий касалликларнинг тарқалиши, одамларнинг заҳарланиш хавфи мавжуд бўлганлиги муносабати билан аҳолининг яшаши ҳамда хўжалик фаолияти учун алоҳида шартлар ва режимлар жорий этилган айрим ҳудудларда ҳамда аҳоли пунктларида, ўта муҳим ва тоифаланган объектларда, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудларда фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши белгиланди.
Тўртинчидан, фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилишлари имконияти яратилди.
Бешинчидан, “Е-xabar berish” тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланди.
Олтинчидан, фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунигача қисқартирилиб, фуқаролар ва хонадон эгаларининг ўз вақтида яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш борасидаги масъулияти оширилди.
Еттинчидан, прокуратура органлари вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг доимий яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишлари фаолияти устидан назорат олиб бориши кўзда тутилган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, аҳоли орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга енгиллик яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда ортиқча бюрократия ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда мавжуд тартиблар соддалаштирилди. Хусусан, кодекснинг 223-моддаси, яъни паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун белгиланган ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий оғирлик даражасидан келиб чиққан ҳолда жарималар мақбуллаштирилиб, уларнинг қатъий миқдори белгиланди.
Жумладан, паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз, амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан яшаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида (амалда иккидан бир қисмидан уч бараваригача); паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани яроқсизлантирганлик ёки йўқотиб қўйганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида (амалда иккидан бир қисмидан уч бараваригача); яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима белгиланди.
Бундан ташқари, қонун билан ўн саккиз ёшга тўлмаган ва олтмиш ёшдан ошган шахсларга паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмаслиги тўғрисидаги янги қоида киритилди.
Шу билан бирга, паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани шахслардан қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ҳуқуқбузарликлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдордаги жарималар ҳам белгиланди.
Қонун аҳолининг эркин ҳаракатланишига оид конституциявий ҳуқуқи таъминланиб, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ортиқча бюрократиянинг ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Фақат қонуннинг 26-моддаси биринчи қисми 1-бандининг 1, 2, 3, 5 ва 6-кичик бандлари ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 25.07.2025
- Кўришлар: 212
- Чоп этиш